Тил – энг улуғ неъмат
Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тадбири аввалида ўзбек адабий тили асосчиси, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Сен бўлмасанг нима бизга силлиқ шеърлар,
Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар,
Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,
Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар,
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг, мен туғилган йилим,
Она тилим, эй муқаддас, Она тилим.
“Она тилим” шеъри.
Ўзбек тили байрами тадбири халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуфнинг она тилимиз ҳақидаги ана шу гўзал сатрларини ўқиш билан бошланди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, шунингдек, қатор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда боғча тарбияланувчилари, мактаб, техникум ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ижодкорлар, олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Тадбирда Андижон вилояти ҳокимининг Маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси Аъзамжон Ҳамроқулов сўз олиб, она тилимизнинг миллий ўзлигимиз, маънавиятимиз ва маданиятимизнинг ажралмас қисми сифатидаги ўрни, унинг жамият ҳаёти ва ривожидаги аҳамияти ҳамда давлат тили сифатидаги нуфузини янада ошириш хусусида гапирди.
Шунингдек, ўзбек тилининг софлигини асраш, унинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш, ёш авлоднинг тилга бўлган ҳурмат ва эътиборини юксалтириш ҳамда она тилимизнинг бутун гўзаллиги, жозибаси билан келгуси авлодларга етказиш ҳар бир юртдошимиз, айниқса, зиёлиларнинг зиммасидаги муҳим вазифа эканлиги алоҳида қайд этилди.


Дарҳақиқат, тил – инсонга, унинг ўзлигини англаш учун берилган энг улуғ неъмат. Ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги ва бебаҳо мулкидир. Қолаверса, она тилимизнинг инсон камолоти, жамият ривожидаги ўрнини ҳеч қандай ўлчов, бойлик билан белгилаб бўлмайди. Шу маънода она тилимиз ўзбек халқининг бебаҳо бойлиги, тенгсиз қудрати, бебаҳо тилсимидир.
Тадбир давомида болалар боғчалари тарбияланувчилари, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар айтилди, қўшиқ ва рақслар ижро этилди.
Айниқса, Андижондаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар томонидан ўзбек тилида айтилган шеърлар, ижро этилган қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди.


Ушбу тадбир иштирокчилар қалбида она тилимизга ҳурмат-эҳтиром, фахр-ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашга, шу билан бирга, уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва нуфузини кўтаришга бўлган масъулиятини янада оширишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири