Тиббиётда сифат ва ишончнинг янги стандартлари
Янги қарор
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида кейинги йилларда амалга оширилган ишлар кўлами ҳақиқатда мисли кўрилмаган. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий-техник базаси янгиланди, маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилди, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизими туман даражасигача туширилди.
Бироқ эришилган натижалар билан чекланиб қолмаслик лозим. Бугунги замон талаби фақат тиббий ёрдамни яқинлаштириш эмас, балки унинг сифати ва хавфсизлигини кафолатлашдир. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз томонидан яқинда қабул қилинган “Тиббиёт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор соҳада сифат назоратининг мутлақо янги ва шаффоф тизимини яратиш йўлидаги стратегик қадам бўлди.

Ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига назар ташлайдиган бўлсак, унда энг аввало аҳоли манфаатлари ва бемор хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилганини кўрамиз. Қарор билан 2030 йилга қадар тиббиёт соҳасини ривожлантиришнинг аниқ марралари белгилаб берилди. Хусусан, 3 000 дан ортиқ давлат тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич лицензиялаш талабларига мослаштириш вазифаси тизимдаги барча муассасалар хоҳ у пойтахтдаги марказ бўлсин, хоҳ чекка қишлоқдаги поликлиника бир хил юқори стандарт асосида ишлашини таъминлайди. Депутат сифатида шуни алоҳида қайд этишим керакки, бу ислоҳот “тиббиётдаги тенгсизлик”ни йўқотади, яъни ҳар бир фуқаронинг яшаш жойидан қатъи назар, сифатли тиббий хизмат олишни кафолатлайди.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун ягона талабларнинг ўрнатилишидир. Бу соҳада соғлом рақобат муҳитини яратади. Эндиликда хусусий клиника ҳам, давлат шифохонаси ҳам бир хил сифат мезонлари асосида баҳоланади. Бу жараёнда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилаётган “Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази” асосий назорат қилувчи ва йўналтирувчи орган бўлади. Марказнинг ташкил этилиши тиббий фаолиятни лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш ва шаффофлаштириш билан бирга, коррупцион омилларга чек қўядиган замонавий механизмдир.
Шунингдек, тиббиётда инсон омили билан боғлиқ хатоликларни камайтириш мақсадида тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларига камида 75 та миллий аккредитациялаш стандартларини жорий қилиш кўзда тутилмоқда. Бу стандартлар жаҳондаги энг илғор тажрибалар, жумладан, Соғлиқни сақлашда сифат бўйича халқаро жамият (ISQua) талаблари асосида ишлаб чиқилади. 2026 йил 1 июлдан бошлаб тиббиёт ташкилотларида сифатни назорат қилиш бўйича алоҳида тузилмаларнинг ташкил этилиши эса ҳар бир муассаса ичида беморларга кўрсатилаётган муолажаларнинг аниқлиги ва хавфсизлиги учун масъулиятни кучайтиради.
Замонавий тиббиётни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиш мушкул. Шу боис, қарорда тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини ягона Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига интеграция қилиш мажбурий этиб белгиланди. Бу тизим ишлаб кетгач, беморларнинг оворагарчилигига чек қўйилади: таҳлил натижалари, касаллик тарихи ва рецептлар ягона электрон базада шаклланади. Шифокор эса беморнинг аввалги муолажаларини тизим орқали кўриб, янада аниқроқ ташхис қўйиш имкониятига эга бўлади. Энг муҳими, Марказ ахборот тизими орқали тиббий хизматлар сифатини масофавий ва шаффоф назорат қилиб боради.
Иқтисодий рағбатлантириш ва масъулият масаласи ҳам ҳужжатда ўзининг мукаммал ечимини топган. 2028 йилдан бошлаб халқаро ёки миллий аккредитациядан ўтмаган йирик тиббиёт муассасалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағларидан фойдалана олмайди. Бу тизим тиббиёт муассасаларини ўз-ўзидан сифат устида ишлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва кадрлар малакасини оширишга ундайди.
Шу билан бирга, Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун 20 миллиард сўм маблағ ажратилиши, кадрларни “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда ўқитиш ва халқаро экспертларни жалб этиш каби чоралар ушбу ислоҳотнинг нақадар жиддий эканидан далолат беради. Шунингдек, тиббиёт муассасаларини лойиҳалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик ҳамда санитария нормаларининг халқаро стандартларга мослаштирилиши бино ва иншоотларнинг ҳам замонавий тиббиёт талабларига мос бўлишини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарор Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини янги – сифат, шаффофлик ва халқаро эътироф босқичига олиб чиқади. Биз, парламент аъзолари, ушбу ислоҳотларнинг жойларда ижро этилиши, ҳар бир шифохона ва поликлиникада беморлар учун яратилган шароитларнинг яхшиланиши устидан қатъий депутатлик назоратини олиб борамиз. Натижада, халқимиз юртимизда дунё даражасидаги тиббий хизматдан баҳраманд бўлиб, ҳар бир инсон ўзини соғлом ва бахтли ҳис қилади. Зеро, соғлом миллат ва соғлом авлод – Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги ва пойдеворидир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА