Тиббиёт йўналишида ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофотини олиш мумкинми?
Юртимизда иқтидорли, ташаббускор ва ўз соҳасида юксак натижаларга эришаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун номзодларни саралаш жараёни давом этмоқда.
Бу йилги танловнинг муҳим янгиликларидан бири — мукофот йўналишлари қаторига тиббиёт соҳасининг ҳам киритилгани.
Мазкур мукофотга 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган, аъло хулқи, юксак иқтидори ҳамда ташаббускорлиги билан ажралиб турадиган, сўнгги уч йил давомида халқаро ёки республика миқёсида юқори натижаларга эришган хотин-қизлар номзод сифатида қатнашиши мумкин.
Янги тартибга кўра, номзодлар энди тўққизта йўналиш — таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, жамоатчилик фаолияти ва тиббиёт бўйича сараланади. Тиббиёт йўналишининг қўшилиши ушбу соҳада самарали фаолият олиб бораётган, илмий изланишлари ва ташаббуслари билан эътибор қозонаётган ёш хотин-қизларнинг ютуқларини эътироф этиш имконини кенгайтиради.
Танловда иштирок этиш истагидаги талабгорлар онлайн рўйхатдан ўтиши ва зарур ҳужжатларни доимий яшаш жойидаги туман ёки шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлимларига тақдим этиши лозим.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти ёш хотин-қизларнинг иқтидори, меҳнати ва жамият ҳаётидаги фаоллигини эътироф этишга хизмат қилади. Шу боис ўз соҳасида салмоқли натижаларга эришган ёшлар учун ушбу танлов ўз салоҳиятини намоён этиш ва юксак эътирофга сазовор бўлиш имкониятидир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА