Тиббиёт хабарлари
Бугун Тошкент шаҳридаги муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳамда Тошкент давлат тиббиёт университетининг биринчи босқичига қабул қилинган талабларни тантанали равишда талабаликка бағишлаш маросими ўтказилади. Байрам тадбирида соҳа фидойилари, профессор-ўқитувчилар ва университетнинг янги талабалари жам бўлиб, ёшлар учун унутилмас лаҳзалар ҳадя этилади.
***
«Воҳидов ўқишлари – 2026» XXX республика илмий-амалий конференцияси юқори савияда ташкил этилди.
Хива шаҳрида ўтказилган мазкур анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, мамлакатимиз ҳамда қатор хорижий давлатларнинг етакчи жарроҳлари, таниқли олимлар, халқаро экспертлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда халқаро Gustave Roussy International Ўзбекистон тиббиёт маркази вакиллари ҳам мазкур тадбирда фаол қатнашди.
Анжуман доирасида марказ етакчи мутахассислари томонидан тиббиётнинг долзарб масалаларига бағишланган бир қатор муҳим маърузалар тақдим этилди. Хусусан, тиббиёт фанлари доктори (DSc) С.Худаяровнинг «Лапароскопик гастрэктомия: операциядан кейинги тезлаштирилган тикланиш (ERAS) сари йўл», профессор Аскар Адилходжаевнинг «Лапароскопик тотал гастрэктомияда чизиқли эзофагоэюноанастомоз техникаси ва хавфсизлиги» ҳамда тиббиёт фанлари доктори (DSc) Оқилжон Раҳимовнинг «Минимал инвазив аралашувлардан фойдаланган ҳолда колоректаль саратонни комбинацияланган даволаш натижалари» мавзусидаги чиқишлари қатнашичиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тақдим этилган маърузалар ошқозон ва колоректаль саратон хасталикларини жарроҳлик йўли билан даволашда замонавий минимал инвазив технологияларни қўллаш, амалиётлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда беморларнинг операциядан кейинги даврда тез ва асоратсиз тикланишини яхшилаш каби муҳим жиҳатларга қаратилди.
***
Самарқанд шаҳрида тиббиёт соҳасида илғор технологияларни кенг жорий этишга бағишланган роботик онкожарроҳликка оид халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, шунингдек, халқаро Gustave Roussy International Ўзбекистон тиббиёт марказининг Колопроктология бўлими шифокор-онкоколопроктологи, тиббиёт фанлари номзоди Саидраҳим Луқмонов маъруза қилди.
Таъкидланганидек, мазкур халқаро тадбир замонавий роботик жарроҳлик технологияларини чуқур ўрганиш, илғор хорижий тажрибани ўзаро алмашиш ҳамда онкожарроҳлик амалиётига илғор ёндашувларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этди.
***
Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси хорижий тилларни мукаммал биладиган ташаббускор шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларини самарали ҳамкорлик ҳамда доимий ишга таклиф этмоқда.
Таъкидланишича, бугунги кунда вилоят тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган хорижий тилларни ўзлаштирган мутахассислар Россия, Жанубий Корея, Франция, Хитой, Озарбайжон, Туркия, Япония, Германия ва Бирлашган Араб Амирликларининг нуфузли клиникаларида малака ошириб, халқаро тажрибани амалиётга муваффақиятли татбиқ этаётир. Муҳими, хорижда малака ошириш ҳамда ўқитиш билан боғлиқ барча харажатлар давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилади.
Шунингдек, ушбу илғор мутахассислар келгусида вилоят марказида янгидан ташкил этилаётган замонавий Кўп тармоқли тиббиёт марказида ўз фаолиятларини давом эттиради.
***
21 ёшли аёлда пешона соҳасида ривожланган ўсма суяк тўқимасини зарарлаб, пешона суягида катта нуқсон ҳосил қилган.
Миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, зарарлаган суяк қисми олиб ташланиб, ҳосил бўлган нуқсон беморнинг анатомик тузилишига мос равишда тайёрланган 3D имплант ёрдамида реконструкция қилинди.
Замонавий 3D технология ёрдамида пешонанинг табиий шакли ва юз контурини имкон қадар тиклашга эришилди.
***
Денов туманида болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш мақсадида болалар бўлими капитал таъмирланиб, замонавий ва қулай шароитлар яратилди.
Янги бинода қўшимча 100 ўринли даволаш бўлими ташкил этилди, замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига 25 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Яратилган шароитлар, аввало, болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, улар учун қулай даволаниш муҳитини таъминлашга хизмат қилади.
М.Қосимова тайёрлади, ЎзА