Тиббий хизматлар нега қимматлашган? 127 минг фуқародан ортиқча тўлов олингани аниқланди
Ўзбекистонда пуллик тиббий хизматлар нархлари бўйича ўтказилган ўрганишлар аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди.
Президент топшириғи асосида Рақобат қўмитаси томонидан 8 та тиббиёт муассасасида 2023–2025 йиллар давомида қўлланилган пуллик хизматлар тарифлари қонунчилик талабларига қай даражада мос экани таҳлил қилинди.
Ўрганишлар Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 150-сон буйруғи асосида олиб борилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидаги қатор тиббиёт муассасалари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва Тахиатош тумани тиббиёт бирлашмасида хизмат нархларининг шаклланиш механизми чуқур таҳлил қилинди.

Текширувлар давомида қатор қонунбузилишлар аниқланди. Хусусан, тушумларнинг 2 фоизини рағбатлантириш жамғармасига йўналтириш, амортизация харажатларини қўшиш, рентабелликнинг энг юқори чегараларини қўллаш, хронометраж меъёрларини тегишли тартибда келишмасдан тасдиқлаш ва айрим солиқ харажатларини ҳисоб-китобларга киритиш орқали хизмат нархлари сунъий равишда оширилган.
Натижада 127 мингдан зиёд фуқародан жами 285,4 миллион сўм миқдорида ортиқча тўлов ундирилгани маълум бўлди. Бу эса бир қарашда кичик кўринган ортиқча ҳисоб-китоблар оммавий миқёсда катта маблағларга айланишини кўрсатади.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан 6 та тиббиёт муассасасига нисбатан иш қўзғатилди. Шу билан бирга, қонунбузилишларни бартараф этиш, бундай ҳолатларнинг такрорланишини олдини олиш ва аҳолидан асоссиз ундирилган маблағларни қайтариш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Ушбу чоралар натижасида пуллик тиббий хизматлар нархлари ўртача 5–10 фоизга арзонлаши аҳоли учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Нигора Раҳмонова, ЎзА