Тежамкор иқтисодий ривожланишга бағишланган VI халқаро форум бошланди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Россия, Словакия, Жанубий Корея ва бошқа хорижий мамлакатларнинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорликда “Миллий иқтисодиётнинг ресурс тежамкор иқтисодий ривожланиш моделига ўтиш стратегияси” мавзусидаги VI халқаро форум ўз ишини бошлади.
Миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, тежамкор технологияларни жорий этиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишнинг илмий-амалий асослари кенг муҳокама қилинаётган форум мамлакатимиз тараққиётининг локомотиви бўлган иқтисодий мавзудаги илмий изланишлар юртимизда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар томонидан изчил олиб борилаётганини, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, “яшил” кўникмалар каби йўналишларда самарадорликка эришилаётганини кўрсатмоқда.

Форумда мамлакатимиз иқтисодиётининг тежамкор ўсишга ўтиш механизмлари, водород халқаро савдосининг геосиёсати, глобал беқарорлик шароитида инновацион ривожланиш модели, суғурта бозорининг барқарорликка таъсири каби мавзуларда ёш олимлар маъруза қилди.

Тадбирда миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш ва ресурс тежамкорликни стратегик даражага кўтариш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилаётгани қайд этилди.

Форум ўз ишини 6 та алоҳида шўъбага бўлинган ҳолда давом эттирмоқда. Уларда ресурс тежамкор моделнинг назарий жиҳатлари, реал секторда янги технологияларни қўллаш, инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва хорижий мамлакатлар тажрибаси кенг муҳокама қилинмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА