Термиз нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида “Ўзбекистон – Россия: Евросиё маконида стратегик шериклик” мавзуига бағишланган халқаро конференция бошланди.
Анжуман икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун мунтазам мулоқот ва ечимларни ишлаб чиқишни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Россия Федерациясининг “Валдай” халқаро мунозара клуби ўртасидаги доимий фаолият юритувчи экспертлар платформаси доирасида ўтказилмоқда.
Нуфузли анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси Андрей Быстрицкий, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар барқарор, прагматик хусусиятга эга бўлиб, аниқ лойиҳалар атрофида қурилгани ва ҳамкорликнинг мустаҳкам институционал базасига таянишини таъкидлади. Мамлакатларимизнинг товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга ўсиб бораётгани қайд этилди. Конференция ишига муваффақият тилади.
Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасида 400 дан ортиқ ҳужжат амал қилмоқда. Улар орасида муносабатларнинг узоқ муддатли барқарорлигига пойдевор қўйган Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ҳам мавжуд.
Президентларимизнинг самарали йўлга қўйилган кўп даражали ҳамкорлик модели ўз самараларини бермоқда. Бу алоқаларнинг асосий хусусияти ўзаро иқтисодий манфаатдорликка қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ўсиб, 2016 йилдаги 4,2 миллиард доллардан ўтган йил 13 миллиард долларга етди.
Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлик занжирлари ҳамда логистика йўналишларини ривожлантириш нуқтаи назаридан бир-бирини истиқболли иқтисодий шерик сифатида кўради. Мазкур ёндашув Марказий Осиё ва Россия бозорларини боғлашни осонлаштириб, иқтисодиётининг ташқи қийинчиликларга чидамлилигини оширади. Шунингдек, юк ташиш оқимларини тезлаштириб, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ва транзаксия харажатларини камайтириш орқали Евросиё бўйлаб янада кўпроқ боғлиқликни таъминлайди. Ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришга, саноат кооперациясини ривожлантириб, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ёрдам беради.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон ва Россиядан 50 га яқин иштирокчи, шунингдек, икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари ва мутахассислари, давлат органлари ва тегишли вазирликлар вакиллари қатнашмоқда.
Мулоқотга Россия Фанлар академиясининг Сув муаммолари институти, Миллий тадқиқот университети, “Олий иқтисодиёт мактаби”, Европа ва халқаро комплекс тадқиқотлар маркази, Россия Фанлар академияси Халқ хўжалигини прогнозлаштириш институтининг Макроиқтисодий таҳлил ва қисқа муддатли прогнозлаш маркази, Россия Фанлар академиясининг Хитой ва замонавий Осиё институти Марказий Осиё тадқиқотлари маркази каби ўндан ортиқ нуфузли муассасалари экспертлари таклиф этилган.
Ўзбекистонлик иштирокчилар орасида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг илмий-ахборот маркази, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Ўзбекистон Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Прогрессив ислоҳотлар маркази ва бошқа ташкилотлар вакиллари бор.
Халқаро конференциянинг мамлакатимиз жанубидаги Термиз шаҳрида ўтказилаётганида ўзига хос маъно бор. Қадимий кент минтақалараро алоқалар учун “тугун нуқтаси”да жойлашган. Янгиланаётган шаҳар модернизация даврини бошидан кечирмоқда. Замонавий инфратузилмалар барпо этилиб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратилаётир.
Ҳудуднинг Афғонистон билан чегарасида минтақамизда ягона “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси қурилган. Марказга Афғонистон тарафдан келувчилар учун 15 кунлик визасиз режими жорий этилган.
Савдо марказида 380 нафар мутахассис тиббий хизмат кўрсатадиган 70 ўринли замонавий клиника барпо этилган. У йилига 15 та йўналиш бўйича 46 мингдан зиёд беморга хизмат кўрсатмоқда. 250 ўринли бизнес мактабда афғон фуқаролари учун уч босқичли тизим асосида дари, пушту ва инглиз тилларида бепул таълим бериш имконияти яратилган.
Декларациялаш, экспертиза, сертификатлаш ва карантин назорати, божхона пости, давлат хизматлари маркази ва банк филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудда уч мингдан ортиқ дўкон бунёд этилган. Дўконларда ўзбек ва афғон тижоратчилари савдо хизмати кўрсатади. Ўзбекистон маҳсулотларининг доимий кўргазмаси ҳам фаолият юритмоқда.
Савдо зонасида тақдим этилган маҳсулотларнинг йиллик экспорт ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил этади. Марказда умумий овқатланиш, савдо, ишлаб чиқариш, логистика, тиббиёт ва меҳмонхона соҳаларида мингдан ортиқ маҳаллий ва 140 га яқин Афғонистон фуқароси иш билан таъминланган.
[gallery-28435]
Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги туташувда бунёд этилган “Термиз карго маркази” халқаро транспорт-логистика хаби географик жойлашувига кўра ўзига хос хусусиятга эга. У “Ғалаба” темир йўл станциясидан тўрт ва Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидан икки чақиримдан камроқ масофада жойлашган. Хабдан қарийб беш йилдан буён Жаҳон озиқ-овқат дастури ва БМТнинг Қочоқлар бўйича Олий комиссари бошқармаси Афғонистонга инсонпарварлик юкларини етказиб бериш учун фойдаланилмоқда. 2021 йилдан 2024 йил сентябргача терминал орқали 144 минг тонна ёрдам жўнатилган.
Евросиё боғлиқлигининг таянч тугунига айланаётган шаҳардаги “Термиз” халқаро савдо маркази ва логистика ҳабининг ривожланаётгани Россия компанияларининг савдо, логистика, саноат кооперацияси ва хизмат кўрсатиш соҳаларига қўшилиши учун тайёр платформа яратиб бермоқда.
Анжуман дастуридан икки мамлакат стратегик шериклигининг асосий жиҳатларига бағишланган ялпи мажлис, учта тематик сессия ва экспертлар муҳокамалари ўрин олган.
Халқаро конференция давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА мухбири