Термиз мулоқоти: иштирокчилар жанубда ўзаро боғлиқликни таъминлайдиган инфратузилмаларни ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида пойтахтимизда ўтказилган “Тинчлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусидаги Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши иштирокчилари Сурхондарё вилоятида бўлди. Анжуман Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.
Мулоқотнинг сайёр тадбирлари доирасида ҳудудда минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитга эга инфратузилма иншоотлари билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидан қарийб икки километр масофада жойлашган “Термиз Карго Марказ” халқаро кўп тармоқли транспорт-логистика хабида меҳмонларга бу ернинг ўзига хос хусусиятлари, Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасидаги стратегик жойлашуви, яратилган замонавий шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Географик жойлашувига кўра хаб Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасида барпо этилган. Беш йилдан буён йирик халқаро транспорт-логистика хабидан Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси Афғонистонга инсонпарварлик юкларини етказиб бериш учун фойдаланмоқда.
Унга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси Глобал таъминот тармоғи омбори ҳамда дунёнинг саккизинчи йирик таъминот тармоғи мақомлари берилган. Бу ердан Афғонистон ва бошқа давлатлардаги ёрдамга эҳтиёж сезадиган инсонлар учун захира яратиш ҳамда зарур бўлганда тезкор етказиб беришда самарали фойдаланилмоқда.
Меҳмонлар Глобал таъминот тармоғи омборида сақланаётган зарур маҳсулот ҳамда яшаш учун муҳим воситаларни кўздан кечирди.
“Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонаси билан танишув минтақамизда ҳозирча ягона йирик мажмуа тақдимоти билан бошланди.
Шу йил фойдаланишга топширилганига икки йил тўладиган савдо зонаси Афғонистон чегарасидан 500 метр узоқда 36 гектар майдонда бунёд этилган. Қўшни давлатдан Ўзбекистонга кириш визасисиз 15 кун марказда бўлиш ва чиқиш имконияти берилган. Эркин савдо зонаси замонавий ривожланган инфратузилмага эга. Марказ ҳудудига келувчи барча товарлар божхона тўловларисиз жойлаштирилиб, чиқарилади. Ҳудудда банклар, нотариуслар ва бошқа давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилган. Шунингдек, “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси, “Akfa Medline” замонавий тиббиёт мажмуаси, “Central Asia University” бизнес мактаби, йирик савдо маркази, ресторан, хостел, йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга йирик логистика маркази, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилган. Уч мингдан ортиқ савдо дўкони, бир йилда 100 минг юк машинасини қабул қилиш қувватига эга автотураргоҳ қурилган. Халқаро савдо маркази Карачи-Термиз-Тошкент-Қозоғистон-Россия транспорт коридорининг муҳим боғловчи қисми сифатида Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятини яратади.
Мажмуадаги 70 ўринга мўлжалланган “Akfa Medline” клиникасида 380 нафар тажрибали мутахассис ишлайди. У йилига 15 та йўналиш бўйича 46 мингдан ортиқ беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Замонавий тиббиёт мажмуаси ишга тушгач, 33 мингдан ортиқ Афғонистон фуқароси сифатли тиббий ёрдамдан бахраманд бўлди.
253 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди. “Central Asia University” бизнес мактабида таълим бепул бўлиб, дарслар дарий, пушту ва инглиз тилларида, уч босқичли тизимда олиб борилади.
Ҳудуддаги дўконларда 5 минг 500 та иш ўрни яратиш имконияти бор. Айни пайтда мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли ва 140 га яқин Афғонистон фуқароси савдо, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш, логистика, тиббиёт, меҳмонхона хизмати соҳаларида иш билан таъминланган.
Марказда экспорт салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилувчи Ўзбекистон маҳсулотларининг доимий кўргазмаси фаолият юритмоқда. Савдо зонасида тақдим этилган маҳсулотларнинг йиллик экспорт ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил этади.
Сайёр тадбир иштирокчилари савдо зонаси ҳудудидаги “Termiz Gold Production” масъулияти чекланган жамиятининг заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси, логистика маркази, савдо дўконларида бўлди. Афғонистонлик тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-29835]
Дунёда муқобили йўқ марказ Президентимиз ғояси билан 2018 йил ишга туширилган. Таълим масканида афғонистонликларни олий таълимнинг 17 та ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг 16 та йўналиши бўйича ўқитиб, малакали мутахассис тайёрлаш учун барча замонавий шароит яратилган. Ўтган йилларда бу даргоҳни 800 дан ортиқ Афғон фуқароси тугатиб, ўзлари танлаган касб эгаси бўлди. 200 нафар афғон хотин-қизи ҳам таълим олди. Бакалавриатни тугатган 13 нафар битирувчи Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишни давом эттириб, билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлади.
Ўқув даргоҳида бўлган тадбир қатнашчилари таълим муассасасида яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Сайёр тадбирларда Ўзбекистон барқарор мулоқот, ишонч ва ўзаро боғлиқлик тизимини шакллантиришга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб бораётгани, бу жараёнда Термизнинг янги иқтисодий-ижтимоий алоқаларни шакллантиришда муҳим боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилиши учун барча қулайлик яратилгани ўз ифодасини топди.
– Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган бу ёндашув муҳим аҳамиятга эга, –дейди Венгрия Халқаро муносабатлар институти катта илмий ходими Сандор Шеремет. – Ташқи шароитларга мослашиш заруратини тақозо этаётган халқаро вазиятнинг мураккаблашиши фонида очиқ сиёсат мослашувчанликни сақлаб қолиш ва ўзаро ҳамкорлик маконини кенгайтириш имкониятини беради. Шу жиҳатдан Ўзбекистон ишончни мустаҳкамлаб, алоқаларнинг барқарор шаклларини ривожлантириш ва турли мамлакатлар билан муносабатларни прагматик ва ўзаро манфаатли асосда йўлга қўйиш орқали ўзаро ҳамкорлик муҳитини яратишга алоҳида аҳамият бермоқда. Тарихга назар ташласангиз ҳам минтақада қадимдан Термиз ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда кўприк вазифасини бажарган. Бизнинг давримизга келиб, қайта тикланаётган бу лойиҳа шунчаки қолиб кетмаслиги керак. Чунки, замонавий шароитларга эга шаҳарда Марказий Осиёни Евросиёдаги савдо ва транспорт-логистика йўлакларининг асосий бўғинига айлантириш учун қулай муҳит борлигини кўрдик.
Тадбир иштирокчилари Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилди. Минтақамизда ягона Термиз археология музейи билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА мухбирлари