Тажриба алмашилди
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани Деҳқонобод маҳалласида Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев иштирокида аҳолининг бандлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш ҳамда даромад манбаларини оширишга қаратилган амалий семинар ўтказилди. Тадбир маҳаллада истиқомат қилувчи Ботир Ҳошимов хонадонида ташкил этилди.
Семинарда вилоят ва туман даражасидаги масъуллар, ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари, маҳалла тизими ходимлари, агрономлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда томорқачилик ва боғдорчилик соҳасида замонавий билимлар, илмий ёндашувлар ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш ердан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва аҳоли даромадини кўпайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширмоқда.
Семинарда иштирокчиларга томорқа ва боғ майдонларидан самарали фойдаланиш, экспортбоп ва серҳосил маҳсулотлар етиштириш бўйича амалий тавсиялар берилди. Айниқса, “ин витро” усулида етиштирилган бодом кўчатлари бўйича батафсил маълумот тақдим этилди.

Мутахассислар ушбу технологиянинг афзалликларига тўхталиб, “ин витро” усулида олинган кўчатлар касаллик ва вируслардан холи экани, нав хусусиятлари сақланиши ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш имконини бериши билан аҳамиятли эканини таъкидлади. Бу усул замонавий боғдорчиликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
– Семинарда берилган маълумотлар жуда фойдали бўлди. “Ин витро” усулида етиштирилган бодом кўчатлари маҳалламиз табиий шароитига мослиги билан эътиборли. Ушбу тажрибани кенг жорий этиш орқали аҳоли даромадини ошириш имкони пайдо бўлади, – деди Деҳқонобод маҳалласи раиси Тоир Қодиров.

Тадбир якунида томорқалардаги бўш ер майдонлари, ижарадаги участкалар ҳамда эски боғларда бодомзорлар барпо этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, масъулларга ушбу тажрибани босқичма-босқич жорий этиш, маҳаллаларда амалий ишлар кўламини кенгайтириш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Мирзаобод туманида дастлабки босқичда 15 та маҳаллада бодомзорлар барпо этиш белгиланган бўлиб, келгусида ушбу илғор тажриба вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири