Ташқи дипломатия
ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Малайзия. Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия сармоялар, савдо ва саноат вазири Жоҳари Абдул Ғани билан учрашув ўтказди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдони янада ошириш, қўшма саноат зонасини барпо этиш ҳамда ярим ўтказгичлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мулоқот давомида томонлар инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли саноат алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.

Германия. Берлиндаги элчимиз Дилшод Аҳатов Тюрингия федерал минтақасининг ижтимоий масалалар, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва оила вазири Катарина Шенк билан учрашув ўтказди.
“Ўзбекистон - ГФР дуал ва касбий таълим форуми: рақобатбардош ва малакали кадрлар” халқаро йиғини доирасида ташкил этилган ушбу учрашувда мамлакатимизда меҳнат миграцияси, дуал ва касбий таълим соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш бўйича яратилаётган янги имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.

Буюк Британия. Кембриждаги Кавендиш лабораторияси ва Тошкентдаги “British Management University” (BMU) ўртасида BMU-Кавендиш ривожланиш ташаббусини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.

Италия. Милан шаҳрида бўлиб ўтаётган Дизайн ҳафталигида Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан “Ўрик гуллаганда” номли кўргазма ташкил этилди.
Мазкур кўргазма лойиҳаси меъмор Кулапат Янтраcаст бадиий раҳбарлиги остида амалга оширилди. Кўргазма 20–26-апрель кунлари Милан шаҳридаги машҳур “Palazzo Citterio” боғида ўтказилади.

Япония. Юртимизнинг ушбу ўлкадаги элчихонаси “Hankyu Travel International Co.,Ltd.” ва “All Co.,Ltd.” компаниялари билан ҳамкорликда Фукуока шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган семинар ташкил этди. Тадбир давомида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Термиз каби тарихий шаҳарлар, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси объектлари ҳамда Ўзбекистонда жадал ривожланиб бораётган янги туризм йўналишлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди.
Семинар якунида Япониядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, қўшма туристик дастурларни кенгайтириш ҳамда истиқболли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари юзасидан музокаралар ўтказилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА