«Ташаббусли бюджет»: ОИТС маркази қошидаги клиника учун янги омборхона қурилади
Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгашининг қарори асосида Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» маблағлари ҳисобидан 2026 йилнинг 2-мавсумида ғолиб деб топилган лойиҳалардан бири учун маблағ ажратилди.
Мазкур лойиҳага кўра, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, 6-даҳа, Дилобод маҳалласи, 36-уйда жойлашган Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошидаги клиника ҳудудида янги омборхона қурилади.
Лойиҳа доирасида Республика ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари эҳтиёжлари учун марказлашган тартибда харид қилиниб тарқатиладиган ретровирусга қарши дори воситалари, тиббий буюмлар ва профилактика воситаларини сақлаш учун 150 квадрат метргача бўлган, миллий стандартларга мос омборхона барпо этилиши кўзда тутилган.
Омборхона совитиш тизимига эга, бетон пол қопламали, сендвич панеллар билан ўралган, ёпиқ том қисмига эга ҳамда зарур стеллажлар билан жиҳозланган бўлиши белгиланган.
Ажратилган маблағ миқдори 1 миллиард 648 миллион сўмни ташкил этади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши дори воситалари ва тиббий буюмларни белгиланган шароитларда сақлаш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳолини зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Очиқ бюджет» электрон ахборот портали орқали «Ташаббусли бюджет» жараёнида фуқаролар томонидан илгари сурилган ва овоз бериш натижаларига кўра ғолиб деб топилган лойиҳалар рўйхати асосида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, тадбир товар ва моддий қимматликларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, харид қилинадиган товарлар реестри буюртмачи ташкилот ҳамда лойиҳани илгари сурган ташаббускор билан келишилган ҳолда шакллантирилиши ва тасдиқланиши белгилаб қўйилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА