Таржимонлар – талабалар
3-6 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Осиё тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишида иштирок этадиган хорижлик меҳмонларга Самарқанд давлат чет тиллар институтининг тажрибали профессор-ўқитувчилари ва талабалари таржимонлик қилишади.
– Самарқандда ўтказиладиган бундай нуфузли форум ва халқаро анжуманларда институтимиз профессор-ўқитувчилари, талабалар мунтазам гид-таржимон сифатида мунтазам иштирок этади, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институтининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Ж.Насруллаев. – Бу борада яхши тажриба тўпланган ва таржимонларимиз учун ўқув дастурларидан ташқари, доимий тарзда семинарлар, амалий машғулотлар ўтилади. Бу гал Осиё тараққиёт банки йиғилишида 9 хорижий тил бўйича 400 нафарга яқин вакилларимиз қатнашади. Шу пайтгача уларга аввало мазкур молия муассасаси фаолияти, мамлакатимиз билан алоқалари ҳақида маълумот бердик. Тадбир иштирокчиларнинг таркибидан келиб чиқиб, уларни қизиқтирадиган масалалар юзасидан таржимонларимизга материаллар тарқатилди.


Институтда халқаро форумга жалб қилинадиган таржимон ва волонтёрлар учун ўтказилган навбатдаги машғулотда Осиё тараққиёт банки, олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги масъуллари, анжуманга тайёргарлик кўриш бўйича бош штаб вакиллари иштирок этди.



Семинарда хорижлик меҳмонларга юқори даражада сифатли хизмат кўрсатиш, уларнинг юртимиз ҳақидаги таассуротларини бойитиш учун таржимон ва волонтёрларга зарур тушунчалар, тавсия ва таклифлар берилди. Хусусан, халқаро протокол ва маданиятлараро мулоқотга қатъий амал қилиш, таржимонликда аниқлик ва самимийлик каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари