Танзила Норбоева: Президентимиз белгилаган стратегик мақсадлар ва халқимиз манфаатларини таъминлаш давом эттирилади
Мамлакатимизда иқтисодий тараққиёт билан бир қаторда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши.
Сенат ялпи мажлисида шу масалага эътибор қаратилиб, яқинда Қурбон ҳайити муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ҳамда турли хасталикларга чалинган минглаб юртдошларимизга кенг кўламли хайрия ва саховат тадбирлари орқали амалий ёрдам кўрсатилгани таъкидланди.

– Айниқса, бемор болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган фарзандларимизга кўрсатилган ғамхўрлик халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатларининг яна бир ёрқин ифодаси, - деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Бу эса мамлакатимизда ижтимоий давлат тамойили амалда изчил қарор топиб бораётганининг муҳим тасдиғидир. Янги Ўзбекистон тараққиёти нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва маънавият соҳаларидаги юксалишлар билан ҳам белгиланади.
Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган китобхонлик танловлари бугунги кунда том маънодаги умуммиллий маърифий ҳаракатга айланди. Илмий кадрлар тайёрлаш ва илм-фан соҳасини ривожлантириш борасида ҳам мутлақо янги ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Соҳани рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш, академик ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш ва илм-фан натижаларини амалиёт билан узвий боғлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар ҳам белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг маданият, санъат ва адабиёт намояндалари билан бўлиб ўтган учрашувида мамлакат қудрати нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки унинг маънавий салоҳияти, маданияти, адабиёти ва санъати билан ҳам белгиланиши ҳақидаги ҳаётий ҳақиқат яна бир бор эътироф этилди. Айниқса, зиёлилар, ижод аҳли, маданият ва санъат намояндалари ҳамда креатив индустрия вакилларининг жамият тараққиётидаги ўрни ва масъулиятига юксак баҳо берилди.
Ялпи мажлисда миллат маънавияти ва маданияти ҳақида сўз кетар экан, ушбу вазифалар ижросида халқ вакиллари ҳам фаол иштирок этиши, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш ва амалий кўмак кўрсатиб бориш зарурлигига урғу берилди.
Қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантириш билан боғлиқ йўналишлардаги ишлар изчил давом эттирилади.
Муҳим қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқилиб, ҳудуд ва тармоқлардаги долзарб муаммолар чуқур ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилади.
“Энг муҳими, барча саъй-ҳаракатларимиз Президентимиз томонидан белгилаб берилган стратегик мақсадлар ва халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу йўлда ҳар бир сенатордан юксак масъулият, ташаббускорлик ва фаоллик талаб этилади”, деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА