Танзила Норбоева Истанбулда парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим учрашувлар ўтказди
Истанбулда Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Парламентлараро иттифоқ президенти Тулия Эксон ва Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашди.
Парламентлараро иттифоқнинг демократик қадриятларни илгари суриш ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш борасидаги муҳим ўрни қайд этилди.
Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорлиги жадал ривожланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Тошкентда ўтказилган 150-юбилей ассамблея юқори баҳоланди.

Жорий йилда Парламентлараро иттифоқ раҳбариятининг ваколатлари тугаши муносабати билан томонлар биргаликдаги ишлар якунларини сарҳисоб қилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ташаббуслар туфайли Ўзбекистон парламенти халқаро ҳамжамиятда ўз обрўси ва мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлагани таъкидланди.
Жорий йил 4 - 6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференциясига тайёргарлик ишларига эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида парламент дипломатиясини мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.
Бундан ташқари Сенат Раиси Т.Норбоева қатор давлатлар парламентлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Озарбайжон Миллий Межлиси раиси Саҳиба Гафарова билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида парламентлараро муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Томонлар иккинчи Ўзбекистон - Озарбайжон парламентлараро форумини ташкил этиш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгашининг Халқаро ишлар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий комиссияси раиси Сергей Алейник билан учрашувда навбатдаги Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форуми, парламент раҳбарлари учрашувлари, Ёш парламент аъзолари форумини ташкил этиш ҳамда ҳудудий вакиллик органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши торағаси Марлен Маматалиев билан мулоқотда парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланаётгани таъкидланди. Ўзаро ташрифлар ва халқаро майдондаги мулоқотлар ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаётгани қайд этилди. Ҳудудларда ўтказилаётган парламентлараро ҳамкорлик бўйича комиссия йиғилишлари эса амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Покистон Ислом Республикаси Сенати раиси Юсуф Ризо Гилоний билан учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий мулоқот юқори даражада экани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил февраль ойида Исломободга ташрифи стратегик шериклик ривожига янги суръат бағишлагани эътироф этилди. Томонлар парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олди.
Баҳрайн Қироллиги Миллий Мажлиси Маслаҳат кенгаши (Шура кенгаши) раиси Али бин Солиҳ Ас-Солиҳ билан учрашувда эса икки мамлакат халқлари ўртасидаги тарихий-маданий ва диний алоқалар муштараклиги таъкидланди. Томонлар парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА