Талабалар учун “Касбий волонтёрлик” дастури амалга оширилади
Президент фармонига кўра, 2027 йилдан бошлаб аҳоли, айниқса, ёшлар ва давлат хизматчиларининг волонтёрлик фаолияти бўйича билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида:
– волонтёрлик қилиш истагидаги ёшлар иштирокида “Service Learning” (ижтимоий хизмат асосидаги таълим) дастури асосида қисқа муддатли ўқувлар ташкил этиш орқали уларнинг волонтёрлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади;
– давлат олий таълим ташкилотлари талабалари ва техникум ўқувчилари учун “Касбий волонтёрлик” дастури амалга оширилади.
Бунда:
– давлат органлари ва ташкилотлари олий таълим ташкилотлари талабалари ҳамда техникум ўқувчиларига таълимдан ташқари вақтларда волонтёрлар гуруҳи таркибида волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратилишини таъминлайди;
– талабалар таълим олаётган ихтисослигига мос волонтёрлик дастурида ўз хоҳишига кўра иштирок этади.
2027 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий ходимлари лавозимига ишга қабул қилишда номзодларнинг малака талаблари бўйича кўрсаткичлари тенг бўлган ҳолларда волонтёрлик фаолияти билан шуғулланган номзодларга устунлик берилади.
ЎзА