Такаясу синдроми билан оғриган беморда мураккаб аутотрансплантация муваффақиятли амалга оширилди
Миллий тиббиёт марказида Такаясу синдроми оқибатида ривожланган буйрак артерияси стенози билан оғриган беморда мураккаб буйрак аутотрансплантацияси муваффақиятли бажарилди.
Гап шундаки, бемор узоқ йиллар давомида назорат қилиш қийин бўлган артериал қон босимининг юқорилиги, бош айланиши, кўнгил айниши ҳамда умумий ҳолсизликдан азият чекиб келган. Чуқурлаштирилган текширувлар натижасида Такаясу синдроми туфайли буйрак артериясида оғир даражадаги торайиш аниқланган.
– Марказимизнинг тажрибали трансплантологлари мураккаб жарроҳлик амалиётини бажариб, буйракни организмдан эҳтиёткорлик билан ажратди, зарарланган қон томирларини реконструкция қилди ва аъзони чаноқ соҳасига қайта кўчириб (аутотрансплантация) жойлаштирди, – дейди Миллий тиббиёт маркази матбуот хизмати раҳбари Зулайҳо Мусурмонова. – Мазкур юқори технологик амалиёт натижасида беморнинг буйраги сақлаб қолинди, унинг қон билан таъминланиши тикланди ҳамда буйрак фаолиятини сақлаб қолишга эришилди.
Шифокорларнинг таъкидлашича, аутотрансплантация трансплантологиядаги энг мураккаб ва кам бажариладиган жарроҳлик амалиётларидан бири бўлиб, уни муваффақиятли амалга ошириш юқори малака ва катта тажрибани талаб этади.
Маълумот учун, Такаясу синдроми аутоиммун касаллик бўлиб, бунда инсон иммунитет тизими хато равишда ўз қон томирларини ёд тана деб билиб, уларга ҳужум қилади ва яллиғланишни келтириб чиқаради. Касалликнинг аниқ келтириб чиқарувчи омили ҳозиргача тўлиқ ўрганилмаган, аммо генетик мойиллик ва ўтказилган айрим инфекциялар муҳим роль ўйнаши тахмин қилинади. Кўп ҳолларда 10 дан 40 ёшгача бўлган хотин-қизларда учрайди.
Миллий тиббиёт маркази мутахассислари мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли жорий этиб, беморларга замонавий, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА