Таэквондочиларимиз «Korea Open» халқаро турнирини 3 медаль билан бошлади
Жанубий Кореянинг Чунчхон шаҳрида таэквондо WT бўйича катталар ўртасидаги G2 тоифасига кирувчи нуфузли «Chuncheon Korea Open International Taekwondo Championships» халқаро мусобақаси бошланди.
Турнирнинг дастлабки кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этиб, 1 та кумуш ва 2 та бронза, жами 3 та медални қўлга киритди.
-74 кг. вазн тоифасида баҳс олиб борган Мироншоҳмирзо Музаффаров финалга қадар ишончли юриш қилиб, мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди.
Шунингдек, -54 кг. вазнда Жаҳонгир Худойбердиев ҳамда -80 кг. тоифасида Жасурбек Жайсунов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобига бронза медалларини тақдим этди.
Шу тариқа, мазкур мусобақада дунёнинг 46 мамлакатидан 700 га яқин сара таэквондочи медаллар ҳамда жаҳон рейтинги учун муҳим рейтинг очколари учун кураш олиб бормоқда. Мусобақанинг эртанги баҳсларида аёллар ўртасидаги ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Унда Ўзбекистон шарафини етти нафар спортчи ҳимоя қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА