Таэквондо WТ мусобақалари дўстона муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилди
Корея Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида ўрнатилган дипломатик муносабатларнинг 34 йиллигига бағишлаб ташкил этилган профессор доктор Баек Мун Жонг номидаги XVII Республика очиқ таэквондо WТ турнири юксак савияда ўтказилди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуасида ташкил этилган мазкур анъанавий халқаро турнир қизғин ва муросасиз баҳсларига бой бўлди.

Мусобақаларда мамлакатимизнинг ҳамда қўшни давлатлардан келган 600 нафарга яқин спортчилар ўз йўналиш ва вазн тоифаларида ғолиблик йўлида баҳс олиб борди.
Турнирнинг илк кунида помсе йўналиши ҳамда катталар ўртасидаги спарринг баҳслари ташкил этилди.

Ёш спортчиларнинг маҳоратини ошириш, тажриба алмашиш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро турнирда Ўзбекистон давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти мутахассислари ҳакамлик ва мураббийлик фаолиятини юқори профессионал савияда олиб бориш тамойилларини ўрганди.

Халқаро турнирда ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасидаги баҳсларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Т.Рўзиев, ЎзА