Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаати таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикасидаги шўъбаси томонидан 2026 йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
– Жорий йилнинг 7 ойи мобайнида 520 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 433 та мурожаат кўриб чиқилган, шундан 161 таси бўйича тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони Қорақалпоғистон Республикаси шўъбаси мудири Ерназар Досанов – 272 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 37 тасига ижроси бўйича юборилган, 12 таси рад этилган. “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари кечаю кундуз қабул қилиниб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 150 та мурожаат кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинган.
Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги якка тартибдаги тадбиркор О.Тораеванинг нодавлат таълим муассасаси фаолияти билан шуғулланиш учун битим муддатини узайтириб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Маълум бўлишича, тадбиркорнинг нодавлат таълим муассасаси фаолияти билан шуғулланиш учун давлат-хусусий шериклик битимнинг амал қилиш муддати 2026 йил 30 май куни тугаган.

Амалдаги тартибга кўра, битми муддати тугашидан бир ой олдин, битимнинг амал қилиш муддатини узайтириш юзасидан NMTTBAT орқали электрон ариза юбориши, акс ҳолда битим автоматик равишда бекор қилиниши белгиланган. Лекин, тадбиркор белгиланган тартиб ва қоидалардан хабари бўлмаганлиги сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатган.
Таъкидлаш лозимки, Бизнес омбудсман томонидан тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини эшитиш мақсадида тадбиркорлар билан доимий очиқ мулоқот ўрнатилганлиги ва ана шундай учрашувларнинг бирида якка тартибдаги тадбиркор О.Тораеванинг муаммосига ечим топилди.
Яъни, Бизнес омбудсман томонидан тадбиркорга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилиб, 2026 йил 15 июнь куни “Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш шаклидаги давлат хусусий-шерикликни амалга ошириш бўйича” битим тузишга муваффақ бўлинди. Ушбу тадбиркорнинг мурожаатини ҳал қилиш ҳисобига тадбиркор фаолияти тикланиб, ундаги ўнга яқин иш ўрни сақлаб қолинишига эришилди.
Текширувлар қонунийлиги юзасидан ўтказилган мониторинг доирасида 10 та назорат органи томонидан 95 та ҳолатда текшириш ўтказиш ва ноқонуний текшириш ўтказиш тартиби бузилганлиги аниқланди. Масалан, Беруний туманидаги “Қайсар” фермер хўжалиги (номи ўзгартирилган) фаолиятида “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинмасдан ноқонуний текширув ўтказилган. Ушбу текширишдан норози бўлиб ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган. Ўрганишда, тадбиркор фаолиятида ўтказилган ноқонуний текшириш ҳолати юзасидан мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилди.
Таъкидлаш лозимки, Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувлар доимий равишда мониторинг ўтказилиб, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларга ўз вақтида тегишли чоралар кўриб келинмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири