Жамиятнинг иқтисодий негизлари қаторида тадбиркорлик муҳим ўрин эгаллайди. Бу Бош қомусимизда ўз ифодасини топган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.
Тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқлари амалда қандай таъминланмоқда? Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман) девони етакчи инспектори Баҳром Бобомуродов шу ҳақда маълумот берди:
– Айтиб ўтиш керакки, Конституцияга кўра, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади. Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман) тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида изчил фаолият юритмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида тадбиркорлардан 2 минг 382 мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 650 таси (52 фоизи) бўйича тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди, 605 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.
“Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали тадбиркорлик субъектларининг 2 мингга яқин мурожаатида 2,3 мингга яқин масала қўйилган. Уларнинг 98 фоизи ҳал этилган ва тушунтириш берилган.
Мурожаатларни кўриб чиқишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 23 маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли органларга иккита тақдимнома киритилди.
Мисол учун, “Albion Association” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамиятининг банкдан дебитор қарздорликни бартараф этишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати бўйича вакил девони ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилди.
Тадбиркорлик субъектининг мурожаати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги низом асосидаги қонуний талаб экани аниқланди.
Шунга мувофиқ, жамиятнинг импорт турдаги ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган қарздорлигини “Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими” ҳисобидан чиқариш бўйича қарз шартномасига кўра келиб тушган 2 972,76 АҚШ доллари қисми импорт шартнома бўйича ортга қайтган тўлов сифатига ўтказилди.
50,8 минг АҚШ доллари қисми импорт шартнома бўйича ортга қайтган тўлов сифатида банк томонидан тизимга киритилиши таъминланди. Натижада тадбиркорлик субъектининг шартнома бўйича дебитор қарздорлиги тўлиқ бартараф этилди.
Бизнес омбудсман кўмагида тадбиркор манфаати ҳимояси таъминланди. Муҳими, тадбиркорлар, инвесторлар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА