Тадбиркорга ишонч — иқтисодиётга янги имконият
Тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида гап кетганда, кўпинча кредит, имтиёз ёки солиқ енгиллиги тилга олинади. Аслида, бизнеснинг барқарор ишлаши учун яна бир муҳим шарт бор. Бу ҳам бўлса тадбиркор ўз фаолиятини қонун доирасида эркин юрита олиши, ортиқча текширув ва маъмурий тўсиқлардан ҳимояланган бўлиши керак.
2026 йил 27 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-175-сон фармони ана шу масалаларни қамраб олган. Ҳужжатда тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотда ва унга тайёргарлик жараёнида келиб тушган 14 мингга яқин мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларни ҳал этишга қаратилган чоралар белгиланган.
Фармоннинг аҳамияти шундаки, унда тадбиркорга “қандай ёрдам бериш керак?” деган савол билан бир қаторда, “унинг ишига нима халақит бермоқда ва бу тўсиқни қандай бартараф этиш мумкин?” деган масалага ҳам аниқ жавоблар берилган.
Бугун кичик корхона эгаси учун ишлаб чиқаришни йўлга қўйишнинг ўзи етарли эмас. У маҳсулотини сотиши, ходимларига иш ҳақи тўлаши, солиқ мажбуриятларини бажариши, электр энергияси ва газ харажатларини қоплаши, бозорда рақобат қилиши керак. Шу жараёнларнинг ҳар бирида ортиқча ҳужжатбозлик, асоссиз текширув ёки молиявий тўсиқ пайдо бўлса, бунинг таъсири фақат бир тадбиркор билан чекланиб қолмайди. Ишлаб чиқариш ҳажми, янги иш ўринлари, истеъмолчига таклиф этилаётган маҳсулот ва хизматлар миқдори ҳам бундан таъсирланади.
Шу боис фармондаги дастлабки муҳим янгиликлардан бири — кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йил муддатга мораторий жорий этилгани. Бундан жиноят иши доирасидаги, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини текшириш, фуқаролар мурожаатлари, қўшилган қиймат солиғини қайтариш ҳамда тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширувлар мустасно қилинган. Мораторий даврида кичик тадбиркорлик субъектларини ноқонуний текшириш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Бунинг мазмунини оддий мисолда кўриш мумкин. Айтайлик, маҳалладаги кичик новвойхона ўз вақтида солиқ тўлаб, санитария ва меҳнат талабларига риоя қилиб ишлаяпти. Унинг эгаси ҳар куни ун хариди, иш ҳақи, электр энергияси ва маҳсулот сотуви билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади. Энди у қонунга мувофиқ ишлаётгани ҳолда, асоссиз текширув туфайли иш жараёни бузилиб қолишидан хавотир олмаслиги керак. Бироқ бу новвойхонада санитария ёки меҳнат хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий масала юзага келса, тегишли назорат чоралари қўлланиши мумкин.
Демак, мораторий давлат назоратини қонуний ва асосли тарзда амалга оширишга қаратилган. Бу ёндашув тадбиркорга ишончни кучайтириш билан бирга, давлат назоратининг масъулиятини ҳам оширади.
Фармонда яна бир муҳим қоида белгиланган. 2027 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида бир йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади. Камерал солиқ текшируви бундан мустасно.
Шу санадан “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” қоидаси ҳам жорий этилади. Биринчи марта қоида бузган, бироқ фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига ёки ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорга жарима қўллашдан олдин камчиликни бартараф этиш учун ўн кун муддат берилади.
Масалан, кичик тикувчилик цехи ҳисоботида техник хатога йўл қўйилди. Агар бу хато ҳеч кимга зарар етказмаган бўлса, тадбиркорга уни тузатиш имконияти берилиши адолатли ёндашувдир. Чунки қонунга риоя қилишни таъминлашнинг энг тўғри йўли ҳар бир хатони дарҳол жарима билан жазолашдан кўра, камчиликни бартараф этишга шароит яратишдан бошланади. Албатта, бу қоида хавфсизликка таҳдид соладиган ёки бошқаларга зарар етказадиган ҳолатларга тааллуқли эмас.
Фармондаги “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси ҳам тадбиркорлар ҳаётида сезиларли аҳамият касб этиши мумкин. Унга кўра, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига 2026 йил 31 декабрга қадар муайян солиқ қарздорликларини тартибга солиш имконияти берилади. Жумладан, амнистия эълон қилингунга қадар юзага келган солиқ қарзи тўлиқ тўланса, ушбу қарздорлик бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади. Илгариги солиқ ҳисоботларига мустақил равишда тузатиш киритилиб, қўшимча ҳисобланган солиқ тўланганда ҳам пеня ҳисобланмайди.
Мазкур тартиб 2027 йил 1 январь ҳолатига солиқ қарзи мавжуд бўлмаслиги шарти билан қўлланади. Шу жиҳатдан, амнистия тадбиркорга мажбуриятларини тартибга солиш учун аниқ муддат ва ҳуқуқий имконият беради.
Тасаввур қилайлик, кичик корхонада ҳисобот юритишда йўл қўйилган хатолар туфайли солиқ қарзи тўпланиб қолган. Тадбиркор қарзни тўлашга тайёр, аммо пеня ва жарималар унинг молиявий аҳволини янада оғирлаштирмоқда. Янги тартиб унга қарзни қонуний равишда бартараф этиш, фаолиятини тартибга солиш ва келгусида ишини давом эттириш учун имконият беради.
Муҳими, бу чора қарзни тўламасликка рағбатлантирмайди. Аксинча, тадбиркорга хатосини мустақил тузатиб, мажбуриятини бажариш орқали ҳуқуқий ва молиявий ҳолатини яхшилаш имконини яратади. Фармонда иқтисодий амнистия доирасида йўл қўйилган хатоларни мустақил равишда бартараф этган тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги баллари туширилмаслиги ҳам белгиланган. Шунингдек, 2026 йил 1 январга қадар шаклланган айрим маъмурий ва молиявий жарималарнинг тўланмаган қисми ҳисобдан чиқарилади.
Тадбиркорнинг кундалик харажатларини камайтиришга қаратилган чоралар ҳам эътиборга лойиқ. 2026 йил 1 ноябрдан автоматлаштирилган ҳисобга олиш ва назорат тизимларига уланган, масофадан ўчириш-ёқиш имкониятига эга ҳисоблагичи бўлган тадбиркорлик субъектлари учун электр энергияси ва табиий газнинг ойлик истеъмоли бўйича олдиндан тўланадиган ҳақ миқдори 15 фоиз этиб белгиланади.
Охирги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаганлар бундан мустасно. Бундай тадбиркорлардан электр ва газ сарфи тўғрисидаги ёзма ҳисоботларни ҳудудий таъминот корхоналарига топшириш мажбурияти ҳам бекор қилинади. Хизмат кўрсатиш шартномаларини қоғозда расмийлаштириш тартиби электрон шартнома тузиш орқали бекор қилинади.
Бу ўзгаришнинг мазмунини ишлаб чиқариш цехи мисолида тушуниш осон. Цех эгаси учун электр энергияси ва газ харажати ҳар ойги ҳисоб-китобнинг муҳим қисми. Олдиндан тўлов миқдорининг камайиши айланма маблағни бошқаришни енгиллаштиради. Қоғоз ҳисоботлар ва шартномалардан воз кечиш эса вақтни тежайди. Тадбиркор бу вақтни ҳужжат ортидан югуриш ўрнига, маҳсулот ишлаб чиқариш, буюртма олиш ва хизмат сифатини оширишга сарфлаши мумкин.
Фармонда инвестиция лойиҳалари учун ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш харажатларини қоплаш, давлат харидларида закалат ва қўшимча закалат маблағларини бир иш куни ичида автоматик равишда қайтариш, қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш ҳамда нақд пулда тўловларни амалга ошириш мумкин бўлган чегарани базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари этиб белгилаш бўйича чоралар ҳам назарда тутилган.
Масалан, давлат харидларида иштирок этган тадбиркор учун шартнома бажарилганидан кейин закалат маблағларининг қайтарилиши қанчалик тез амалга оширилиши муҳим. Чунки бу маблағ унинг кейинги буюртмаси, иш ҳақи ёки хомашё хариди учун айланма маблағ бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, автоматик қайтариш механизми молиявий интизомни сақлаган тадбиркорнинг маблағларидан самарали фойдаланиш имкониятини оширади.
Фармоннинг энг муҳим ҳуқуқий янгиликларидан бири — давлат органи ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги оммавий ҳуқуқий муносабатларда “тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси” амал қилиши белгилангани. Унга кўра, аксини давлат органи исботлагунча, тадбиркор қонунчиликка мувофиқ ҳаракат қилган ва ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган ҳисобланади. Судда ёки низони ҳал қиладиган бошқа маъмурий органда давлат органи қабул қилган қарорнинг қонунийлиги, асослилиги, мутаносиблиги ва ҳуқуқбузарлик содир этилганини исботлаш мажбурияти тўлиқ давлат органи зиммасига юклатилади. Бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар, ноаниқликлар ва шубҳалар тадбиркор фойдасига талқин қилинади.
Бу қоидани оддий мисолда кўриб чиқайлик. Тадбиркорга нисбатан давлат органи томонидан муайян ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди. Тадбиркор эса қарорни асоссиз деб ҳисоблаб, унинг қонунийлиги ва асослилигини белгиланган тартибда қайта кўриб чиқишни сўрамоқчи. Янги ёндашувга кўра, у ўзининг ҳақлигини чексиз равишда исботлашга мажбур бўлмайди. Давлат органи ўз қарорининг қонунийлиги ва асослилигини далиллар билан кўрсатиши керак.
Бу ерда гап тадбиркорни ҳар қандай масъулиятдан озод қилиш ҳақида бораётгани йўқ. Аксинча, давлат органи қарор қабул қилганда далил, қонун ва мутаносибликка таянишини таъминлаш ҳақида гап кетмоқда. Шу жиҳатдан, мазкур қоида тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш билан бирга, давлат бошқарувида қарор қабул қилиш маданиятига ҳам янги талаб қўяди.
Фармонда маъмурий суд ҳал қилув қарорларида давлат органи зиммасига ўз қарорини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юкланганда, суднинг ҳуқуқий позицияси давлат органи томонидан инобатга олиниши шартлиги ҳам белгиланган. Бунда қайта кўриб чиқиш натижаси тадбиркорнинг ҳолатини аввалги қарорга нисбатан оғирлаштириши мумкин эмас. Давлат органи суд қарори кучга кирган кундан бошлаб ўттиз кун ичида ўз қарорини қайта кўриб чиқиши шарт.
Иқтисодиётда янги имкониятлар яратиш учун молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам муҳим. Фармонда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан кредитлар, банк кафолатлари, аккредитивлар ва лизинг бўйича 75 фоизгача кафиллик тақдим этиш, давлат харидларида иштирок этаётган тадбиркорларга шартномани бажариш ва авансни қайтариш учун 2,5 миллиард сўмгача кафолат бериш, интизомли тадбиркорлик субъектларига 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш белгиланган. Давлат тасарруфидаги фойдаланилмаётган бино, иншоот ва бошқа активларни сотиб олувчи тадбиркорларга 15 миллиард сўмгача хизматлар ипотекаси бериш ҳам назарда тутилган.
Айтайлик, тадбиркор янги цех очиш учун бизнес-режа тайёрлади, бозорини ўрганди, буюртмачилар билан келишувга эришди. Аммо банк кредити учун етарли гаров топа олмаяпти. Бундай вазиятда кафиллик механизми лойиҳанинг молиялаштирилишини осонлаштириши мумкин. Ёки давлат харидларида иштирок этаётган корхона шартномани бажариш учун маблағга муҳтож бўлса, кафолат механизми унинг имкониятларини кенгайтиради.
Бу чораларнинг иқтисодий мазмуни шундаки, тадбиркорлик лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши фақат унинг ўз маблағига боғланиб қолмайди. Молиялаштиришнинг турли шакллари орқали янги ишлаб чиқариш қувватлари, хизматлар ва иш ўринлари учун имконият яратилади.
Инновация ва стартаплар учун белгиланган чоралар эса иқтисодиётнинг келажакдаги рақобатбардошлигига қаратилган. 2027–2030 йилларда устувор ва юқори салоҳиятга эга саноат тармоқларида стартап лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган “Келажак тадбиркори” дастури амалга оширилади. Унда очиқ танлов асосида 30 тагача стартап лойиҳа молиялаштирилиши ва ҳар бир лойиҳага 5 миллиард сўмгача маблағ инвестиция шаклида киритилиши белгиланган.
Масалан, ёш дастурчи қишлоқ хўжалигида сув сарфини камайтиришга ёрдам берадиган рақамли ечим яратди. Унинг ғояси бор, лекин дастурни такомиллаштириш, синовдан ўтказиш ва бозорга чиқариш учун маблағ зарур. Стартап дастури ана шундай ғояларни амалий лойиҳага айлантириш учун молиявий имконият яратиши мумкин.
Шунингдек, стартапларга хусусий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида “Стартап инвестори” мақоми жорий этилади. Ягона электрон платформада рўйхатдан ўтган стартап лойиҳанинг устав капиталига инвестиция киритган жисмоний шахсларга бериладиган ушбу мақом инвесторларнинг улушларни сотишдан олган даромадларига нисбатан, улушлар уч йилдан кам сақланган ҳолатлардан ташқари, даромад солиғи имтиёзини назарда тутади. Бу ёндашув стартапларни қўллаб-қувватлашни фақат давлат маблағлари билан чеклаб қўймайди. Хусусий инвестор учун ҳам янги технология ва инновацион ғояларга сармоя киритишнинг иқтисодий манфаатдорлигини оширади.
Туризм ва хизматлар соҳасидаги чоралар ҳам шу мантиққа асосланган. Фармонда меҳмонхона қуриш учун 50 миллиард сўмгача, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун 20 миллиард сўмгача кредитлар ажратиш, уларнинг белгиланган чегарадан юқори фоиз харажатларини қоплаш механизмлари назарда тутилган. Уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар қуришга субсидиялар бериш муддати 2029 йил 1 январга қадар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари учун мол-мулк ва ер солиғи ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициентни қўллаш муддати 2030 йил 1 январга қадар узайтирилган.
Масалан, сайёҳлар кўп борадиган ҳудудда меҳмонхона қуришни режалаштираётган тадбиркор учун қурилиш ва жиҳозлаш харажатлари катта сармоя талаб қилади. Имтиёзли кредит, субсидия ва солиқ енгилликлари бундай лойиҳанинг молиявий юкини камайтиришга хизмат қилиши мумкин. Натижада ҳудудда жойлаштириш имкониятлари кенгаяди, хизмат кўрсатиш соҳасида янги иш ўринлари пайдо бўлади.
Шу тариқа, фармондаги чоралар ўзаро боғлиқ бўлиб, тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган ягона ёндашувни ифодалайди. Текширувларни камайтириш тадбиркорнинг вақтини асрайди. Биринчи хато учун огоҳлантириш камчиликни бартараф этиш учун қўшимча имконият яратади. “Иккинчи имкон” қарздорликни тартибга солишга шароит беради. Коммунал тўловлар ва электрон шартномалардаги енгилликлар харажатларни камайтиради. Ҳақлилик презумпцияси ҳуқуқий ҳимояни кучайтиради. Кафиллик ва имтиёзли кредитлар эса янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради.
Энг муҳими, фармон тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бўлган ёндашувни янада аниқлаштирмоқда. Тадбиркорга фақат молиявий ёрдам беришнинг ўзи кифоя қилмайди. Унинг қонуний фаолиятига ишонч билдириш, ортиқча тўсиқларни бартараф этиш, ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва ишини ривожлантириши учун барқарор шароит яратиш ҳам шунчалик муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, тадбиркор ўзини қанчалик ҳимояланган ва ишончли муҳитда ҳис қилса, янги лойиҳа бошлаш, инвестиция киритиш, иш ўринлари яратиш ва бозорда рақобат қилишга шунчалик кўпроқ интилади. Бу эса охир-оқибатда алоҳида корхона фаолиятидан ташқари, ҳудудлар иқтисодий салоҳияти, аҳоли даромадлари ва мамлакат тараққиётига ҳам таъсир кўрсатади.
Дурбек ҲУСАНОВ,
Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор