Сувнинг ҳар томчиси стратегик ресурс
Сув – стратегик ресурс сифатида тобора муҳим аҳамият касб этаётган бугунги шароитда Қашқадарё вилоятида уни тежаш, самарали бошқариш ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш масаласи устувор вазифалардан бирига айланган.
Айниқса, иқлим ўзгариши, сув захираларининг қисқариб бориши, аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши сув танқислиги хавфини янада кучайтирмоқда. Шу нуқтаи назардан, вилоятда сув хўжалиги тизимини модернизация қилиш, инфратузилмани янгилаш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятдаги 513,4 минг гектар суғориладиган ер майдонларини сув билан таъминлаш учун 2 минг 477 километр канал, 20 минг 450 километр суғориш тармоқлари, 14 та сув ва сел сув омбори, 1170 та суғориш ва 242 та мелиоратив қудуқлар, 76 та насос станция ҳамда фермер хўжаликларининг 1 минг 217 та насослари хизмат қилмоқда. Шунингдек, 14 минг 338 километр коллектор-дренаж тармоқлари орқали ерларнинг мелиоратив ҳолати таъминланмоқда. Йилига ўртача 4,75 миллиард куб метр сув манбалардан олиниб, унинг 84 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига йўналтирилади. Сувнинг асосий қисми, яъни 80 фоизи Амударёдан насослар орқали, қолган қисми Зарафшон дарёси ва ички сув манбаларидан олинаётгани эса соҳада энергия ва харажатлар масаласини ҳам долзарб қилиб қўяди.
2025 йилда қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика ва аҳоли эҳтиёжлари учун 4,62 миллиард куб метр сув етказиб берилган бўлиб, 1 куб метр сувни далаларгача етказиш таннархи 584,4 сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, сув танқислигининг олдини олиш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 800 миллион куб метр сув тежалди. Бунинг асосий қисми сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация тармоқларини таъмирлаш, рақамлаштириш ва кам сув талаб қиладиган экинлар улушини ошириш ҳисобига таъминланди.
Соҳада инфратузилмани янгилаш ва модернизация қилиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, 2025 йилда умумий қиймати 143 миллиард сўмлик 35 та ирригация-мелиорация лойиҳаси амалга оширилиб, каналларни бетонлаштириш, гидротехник иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш, коллектор-дренаж тармоқларини тиклаш ишлари бажарилди. Бунинг натижасида 18,9 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланиб, 2,9 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати тикланди. Косон туманидаги Қўнғиртоғ машина каналини реконструкция қилиш мисолида ҳам самарадорлик яққол кўринди: каналнинг фойдали иш коэффициенти 0,65 дан 0,90 га оширилиб, насос агрегатини бекор қилиш орқали йиллик 475 минг киловатт-соат электр энергия тежалди, ҳосилдорлик эса бир неча баробарга ошди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш соҳадаги энг муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йилда 171,2 минг гектар майдонда бундай технологиялар жорий қилиниб, бу кўрсаткич режага нисбатан юқори бажарилди. Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, плёнка ётқизиб суғориш ҳамда ерларни лазерли текислаш каби усуллар кенг қўлланилмоқда. Бу эса нафақат сув тежаш, балки ҳосилдорликни оширишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Давлат томонидан берилган субсидиялар ушбу жараённи рағбатлантирмоқда.
Сув ресурсларини бошқаришда рақамлаштириш жараёнлари ҳам изчил жорий этилмоқда. Сув хўжалиги объектларида реал вақт режимида назорат ўрнатиш мақсадида юзлаб “дайвер” қурилмалари ва сув сатҳини ўлчовчи датчиклар ўрнатилди. Бу эса сув сарфини аниқ ҳисобга олиш ва йўқотишларни камайтириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, насос станцияларида энергия тежаш чоралари кўрилиб, электр энергияси сарфи сезиларли даражада қисқартирилди, қуёш панеллари кенг жорий этилди.
Мутахассислар фикрича, бугунги кунда сув ресурсларини бошқаришда инновацион ёндашувлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
– Сувдан самарали фойдаланиш масаласи энди фақат техник эмас, балки иқтисодий ва стратегик масалага айланди, – дейди Аму-Қашқадарё ИТҲБ матбуот котиби Жавоҳир Кенгбоев. – Томчилатиб суғориш, лазерли текислаш ва рақамли назорат тизимлари сув тежаш билан бирга ҳосилдорликни ошириш имконини бермоқда.
Фермерлар ҳам бу ўзгаришларнинг амалий самарасини ҳис этмоқда.
– Илгари сув тақчиллиги сабаб ҳосил паст бўларди, – дейди Косон туманидаги “Косон” фермер хўжалиги раҳбари Дўстёр Мавлонов. – Янги технологиялар жорий этилгандан кейин сув сарфи камайди, ҳосилдорлик эса бир неча баробарга ошди. Бу биз учун иқтисодий жиҳатдан ҳам катта имконият яратди.
2026 йилга мўлжалланган режалар ҳам соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган. Жумладан, 4,8 миллиард куб метр сувни барқарор етказиб бериш ва 880 миллион куб метр сувни тежаш режалаштирилган. Шунингдек, 74,6 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, каналларни бетонлаштириш, рақамли мониторинг тизимини тўлиқ йўлга қўйиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш кўзда тутилган. Барча гидропостларда босқичма-босқич онлайн сув кузатуви жорий этилиши эса соҳада шаффофлик ва самарадорликни янада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, Қашқадарё вилоятида сув ресурсларини бошқариш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар сув танқислиги шароитида барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир томчи сув қадрланиб, унинг самарадорлиги оширилаётгани келгуси йилларда аграр соҳанинг мустаҳкам пойдеворини яратади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири