Сурхондарёда ёш китобхонлар сараланди
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёш китобхон” танловининг Сурхондарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоятда жорий йилги танловнинг саралаш босқичларида 48 мингдан ортиқ 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш китобсевар иштирок этиб, ўзларининг китоб билан яқин дўст тутинганлик қобилияти, зеҳни ва билимини синовдан ўтказди. Вилоят босқичида туман ва Термиз шаҳар поғоналарида ғолибликни қўлга киритган 45 нафар иқтидорли китобхон 10 ёшдан 14 ёшгача, 15 ёшдан 19 ёшгача ва 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган тоифада иккита шарт бўйича ўзаро беллашди.
Қатнашчилар дастлаб “Бадиий асарлар билимдони” шарти доирасида экспертлар комиссияси тавсия этган ўзбек ва жаҳон адабиётига оид асарлардан билет тортиш орқали танлов қилди ҳамда танлаган китобларининг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамияти ҳақида атрофлича жавоб берди.
Танловнинг навбатдаги “Тезкор савол-жавоб” шартида ҳам ёш китобхонлар комиссия тавсия этган адабиётлардан тузилган бешта саволга бешта жавоб беришга интилди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари қўшимча саволлари билан уларнинг билимларини синовдан ўтказди.
– Президентимиз ташаббуси билан ёш китобхонларни рағбатлантириб, мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибор маънавий баркамол ва чуқур билимли ўғил-қизларни камолга етказишга хизмат қилмоқда, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бош мутахассиси Зиёдулла Сатторов. – Аслида инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китобдан қудратли куч йўқ. Китоб мутолааси кишида чин инсоний фазилатларни шакллантириб, унинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг энг фаол аъзосига айланиши ва дунёқарашини кенгайтиришда беқиёс аҳамият касб этади. Нуфузли танловда иштирок этиш истагини билдираётган ёшлар сафининг йилдан-йилга кенгайиб бораётгани ҳам воҳада китоб мутолаасига қизиқиш ошаётганини кўрсатмоқда.
[gallery-28985]
Қизғин баҳслар асосида ўтган танлов якунида 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган иштирокчилар ўртасида Бойсун туманидаги Шифобулоқ маҳалласида яшайдиган Малика Менгниёзова, 15-19 ёшдаги қатнашчилар баҳсида ҳам Бойсун туманидаги Дарбанд маҳалласилик Танзила Жумақулова, 20-30 ёшгача бўлган иштирокчилар беллашувида Узун туманидаги Боботоғ маҳалласида истиқомат қиладиган Фазилат Диёрова фахрли биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА