Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхон заминидаги янги шаҳарча ўтмиш, бугун ва келажак туташган чорраҳага айланади

Ижодий жамоа Тошкентдан Сурхондарёгача етти юз эллик километрлик йўлни босиб келганга ўхшамайди. Ҳамма тетик. Нигоҳларда эса ҳайрат ва тарих уйғонган.

Биз шаҳар ичидаги шаҳарчадамиз. Бу ерда воҳа халқининг қадимий турмуш тарзи, маданияти, меъморчилиги ва анъаналари жонланганига гувоҳ бўламиз. Меҳмонлар бу ерда одатдаги томошабин бўлмайди, балки ўтмишга тушиб қолган сайёҳга айланади.

Бу шунчаки баландпарвоз гаплар эмас. “Президент ташрифидан сўнг...” рукни учун Термиз шаҳрида янгидан барпо этилган этношаҳарчада бўлганимизда ана шу ҳисларни туйганимиз рост.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни вилоятга ташрифи чоғида мазкур манзилда ҳам бўлди.

Сурхондарё ўзининг зиёратгоҳлари, археологик ёдгорликлари ва гўзал табиати билан машҳур. Вилоят бундай лойиҳалар учун катта тарихий ва маданий салоҳиятга эга. Бу ҳудудда қадимий маданият қатламлари бир-бири билан қоришган. Этношаҳарча эса сайёҳларни фақат тарих орқали эмас, балки “тирик маданият” билан янада кўпроқ жалб қилади. Энди меҳмонлар фақат обидаларни кўриб кетмайди. Улар воҳанинг турмуш тарзини ҳис қилиш учун бу ерда кўпроқ вақт қолишади.

Термиздаги бу мажмуа мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида тўпланган тажрибаларга суянган ҳолда амалга оширилган. Лойиҳа хусусий инвестор ташаббуси билан рўёбга чиқарилди. Бунинг учун 10 миллион доллар сарфлангани айтилмоқда. Бу рақам шунчаки сармоя миқдорини билдирмайди, балки ҳудуднинг қисқа муддатда қанчалик жадал ривожланаётганини ҳам кўрсатади.

Олти гектар майдонда ташкил этилган мажмуада тарихий кўринишдаги бинолар, миллий меъморчиликка хос иншоотлар қад ростлади. Ҳунармандлар устахоналари, оилавий меҳмон уйи, миллий ошхонани намоён этувчи ресторан, болалар учун замонавий ўйин майдончаси ва мусиқий фаввора каби объектлар жой олган.

– Ўзим педагогман, тарихга қизиқаман, – дейди тожикистонлик сайёҳ Сорбон Файзуллозода. – Бу ерга келиб халқингизнинг илдизлари нақадар теран, қадриятлари эса қанчалик мазмунли эканини кўряпмиз. Ҳар бир бунёдкорлик иши, ҳар бир экспонатни кўриб ҳайратдамиз. Бойсун кашталаридаги оловранг нақшлар, бахшиларнинг ёқимли овози кишини ўтмишга саёҳат қилдиряпти. Бу ерни жонли мактабга, очиқ осмон остидаги лабораторияга ўхшатяпман. Бунда тарихни қайсидир саналар билан эмас, балки тандирдаги иссиқ ноннинг ҳиди, дўмбира оҳанги ва туйғулар орқали эслаб қолиш мумкин. Сайёҳларни қизиқтирадиган бундай лойиҳалар дунёда кўп эмас. Лекин юртингизда бу борада тажриба борлигини биламан. Хива ва Самарқанд шаҳарларидаги шундай манзилларга ҳам бориш ниятидаман.

Дарҳақиқат, бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонлар нафақат томоша қилади, балки ҳунармандлар фаолияти билан тўғридан-тўғри танишади. Миллий таомлардан татиб кўради. Бу эса замонавий туризмда талаб юқори бўлган тажрибадир.

Мамлакатимизда бундай маданият ва туризм мажмуалари сони ортиб бораётгани қувонарли. Бу каби масканлар доимо гавжум, иқтисодий жиҳатдан барқарор ва сайёҳлик жиҳатдан жозибадор бўлиб қолиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бундай жойлар ташкил этилиши билан илгари  қишлоғида кашта сотиб юрган онахон энди ўз “бренд”ига ва доимий харидорларига эга бўлмоқда. Шунингдек, бундай масканларда ёшлар учун таржимонлик қилиш, миллий таомлар тайёрлаш ёки сервис соҳасида ишлаш имкониятлари пайдо бўлмоқда.

Лойиҳанинг иқтисодий аҳамияти ҳам кам эмас. Мажмуа йилига 180 минг сайёҳга хизмат кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу рақам ортида туристлар оқими ҳамда хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва кичик бизнес учун кенгайган бозор туради.

Йилига 34 миллиард сўмлик иқтисодий фаолият шаклланиши кутилмоқда. Бу ҳудуд иқтисодий тармоқларининг қанчалик тез фаоллашаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, 250 нафар доимий иш ўрнининг яратилиши ҳам оддий рақам эмас.

Этношаҳарча замонавий дунёнинг шовқинидан бир оз узоқлашиб, аждодлар меросига шўнғиш, миллий ўзликни ҳис қилиш ва маданий ҳордиқ чиқариш учун қулай масканга айланиши шубҳасиз. 

Юқорида таъкидланганидек, бундай лойиҳалар Ўзбекистон учун мутлақо янги тажриба эмас. Сўнгги йилларда мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида маданий шаҳарчалар, этнографик майдонлар ва жонли музейлар барпо этилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Андижон каби ҳудудларда маҳаллий ҳунармандлар фаолиятини бир нуқтага жамлаган туристик масканлар, этношаҳарчалар самарали фаолият юритмоқда.

Президент ташрифи чоғида бу каби мажмуаларнинг доимий равишда жонли ва фаол бўлиб қолиши учун топшириқлар берилди. Давлат раҳбари даражасидаги бу эътибор нимани англатади? Бу бир кунлик тадбир эмас, балки узоқ муддатли маданий-иқтисодий стратегия эканини англатади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА мухбирлари