Суперлиганинг 15-турида 56 мингдан ортиқ мухлис учрашувларни жонли кузатди
Турнинг энг сертомошабин учрашуви «Андижон» – «Пахтакор» баҳси бўлиб, уни 17 минг 134 нафар мухлис «Бобур Арена»да жонли кузатди.
Футбол нафақат майдондаги кураш, балки стадиондаги муҳит билан ҳам аҳамиятли. Куни кеча ўз якунига етган Ўзбекистон Суперлигаси 15-тур учрашувлари мухлислар фаоллиги жиҳатидан ҳам эътиборга сазовор бўлди. Айниқса, чемпионлик ва юқори ўринлар учун курашаётган жамоалар иштирокидаги баҳсларга қизиқиш юқори бўлгани учрашувларга ташриф буюрган томошабинлар сонида ҳам яққол намоён бўлди.
Турнинг энг сертомошабин учрашуви «Андижон» – «Пахтакор» баҳси бўлиб, уни 17 минг 134 нафар мухлис «Бобур Арена»да жонли кузатди. Бу кўрсаткич 15-турдаги энг юқори натижа бўлди. Иккинчи ўринни «Навбаҳор» – «Хоразм» учрашуви эгаллади. Наманган марказий стадионида ўтган баҳсни 14 минг 250 нафар мухлис томоша қилди.
Самарқанддаги «Динамо» – «Нефтчи» қарама-қаршилигига 10 минг 53 нафар ишқибоз ташриф буюрди. Шу тариқа ушбу учрашув ҳам турнинг энг кўп томошабин йиғган баҳслари қаторида қайд этилди.

Бошқа учрашувларда қуйидаги кўрсаткичлар қайд этилди:
«Бухоро» – «Локомотив» — 6 758 нафар;
ОКМК – «Насаф» — 3 715 нафар;
«Қўқон-1912» – «Сурхон» — 3 650 нафар;
«Машъал» – «Сўғдиёна» — 726 нафар.
Ҳисобга олинган етти учрашувни жами 56 минг 286 нафар мухлис стадиондан туриб кузатди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Суперлигада сўнгги йилларда стадионларга ташриф буюрувчилар сонининг ўсиб бораётгани миллий чемпионатга қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Айниқса, Андижон, Наманган ва Самарқанд каби футбол анъаналари мустаҳкам ҳудудларда мухлисларнинг фаоллиги чемпионат муҳитини янада жозибадор қилиб, ўзбек футболининг ривожига хизмат қилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА