Сунъий интеллект —зарурат
Бугунги кунда ёшлардан шунчаки билимли бўлиш эмас, балки дунё билан рақобат қила оладиган, замонавий технологияларни чуқур ўзлаштирган мутахассис бўлиш талаб этилмоқда. Айниқса, сунъий интеллект каби стратегик йўналишларда ортда қолиш келажак имкониятларини бой бериш демакдир.
Жиззах ёшлар технопаркида ташкил этилган амалий семинар ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб ўтказилди. Унда жанубий кореялик мутахассис, профессор Ким Сун-Гон иштирок этиб, ёшларга сунъий интеллектнинг амалий аҳамияти ва унинг турли соҳалардаги имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Маълумки, Жанубий Корея юқори технологиялар ва инновациялар соҳасида дунёда етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Профессор ўз маърузасида ушбу давлатнинг таълим, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги тармоқларига сунъий интеллектни изчил жорий этиш орқали эришилган натижаларни мисол қилиб келтирди. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект бу шунчаки дастур эмас, балки инсон имкониятларини кенгайтирувчи кучли воситадир.
Семинар давомида ёшларга сунъий интеллектнинг ишлаш тамойиллари, халқаро тажрибалар содда ва тушунарли мисоллар орқали етказилди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бизнес бошқарувида ушбу технологияларни қўллаш орқали самарадорликни ошириш мумкинлиги алоҳида урғу билан тушунтирилди. Бугун сунъий интеллектни билиш худди ўқиш ва ёзишни билишдек заруратга айланиб бораётгани таъкидланди.
Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор: бундай семинарлар қанчалик таъсир қилмоқда? Ёшлар олган билим амалиётга айланаяптими ёки бу жараён ҳали-ҳамон маъруза доирасида қолиб кетаяптими? Энг катта савол шу ерда.
Бу каби ташаббуслар бежиз эмас. Зеро, Президентнинг 2022 йил 28 январдаги “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда 2024 йил 14 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион фикрлайдиган ёшларни қўллаб-қувватлашни устувор вазифа сифатида белгилаб берган. Демак, жойлардаги ҳар бир ташаббус бу шунчаки тадбир эмас, балки давлат сиёсати ижросининг амалдаги кўринишидир.
Жиззах ёшлар технопарки томонидан амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ҳудудда инновацион муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бироқ асосий масала бу билимларни амалиётга татбиқ этиш, ёшларни реал лойиҳаларга жалб қилиш ва уларни глобал бозор талабларига мослаштиришдир.
Чунки бугун ўрганилган билим эртага натижа бермаса, у фақат назария бўлиб қолади. Сунъий интеллектни ўрганиш бу тренд эмас, бу зарурат. Ва бу заруратга жавоб беришда кечикишга ўрин йўқ.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА