Сунъий интеллект ва замонавий технологиялар бўйича халқаро ҳамкорлик
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Хусусан, Хитой Халқ Республикаси “LinkWise” компанияси вакиллари Қорақалпоқ давлат университетида бўлиб, бу ерда мазкур олий ўқув юрти ректори Бердияр Жоллибеков билан учрашди.
Учрашувда келгусида амалга ошириладиган лойиҳа учун зарур бўлган малакали кадрларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Хитой Халқ Республикасидан етук мутахассисларни жалб қилган ҳолда Қорақалпоғистон ёшлари орасида сунъий интеллект соҳасига қизиқишни ошириш, уларнинг билим ва амалий кўникмаларини ривожлантириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Ушбу мулоқотнинг амалий давоми сифатида 29 апрель куни Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердияр Жоллибеков Тахиатош туманида LinkWise масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан қурилаётган замонавий Модулли интеллектуал ҳисоблаш маркази қурилиш майдонида бўлди. Ташриф давомида марказнинг техник имкониятлари, замонавий инфратузилмаси ва истиқболдаги фаолият йўналишлари билан яқиндан танишди.

Шунингдек, университет билан ҳамкорликда талабалар учун амалиёт, стажировка ва янги мутахассислик йўналишларини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу ҳамкорлик ҳудудда рақамли технологияларни ривожлантириш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш ва сунъий интеллект соҳасида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.