Судьялар ёшлар билан учрашди
Жорий йилнинг 21-27 февраль кунлари бутун мамлакатимизда бўлгани сингари Сирдарё вилоятида ҳам “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги бўлиб ўтди.
Мазкур ҳуқуқий тадбир Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, ҳафталик доирасида барча маҳаллаларда “Судья ва ёшлар” тарғибот учрашувлари, таълим муассасаларида эса “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида маърифат ҳамда ахборот соатлари ўтказилиши режалаштирилган эди.

Ҳафталик тадбирлари вилоятдаги йирик таълим муассасаларида ўтказилди.
Сирдарё вилоят ва туман судлари раислари. судьялари иштирок этган тадбирларда ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини яхшилаш йўналишларида билдирилган таклифлар муҳокамаларга мавзу бўлди.

Ёшларнинг берган саволлари айрим таълим даргоҳларида бугунги кунда “Ёш ҳуқуқшунослар” тўгараклари фаолият олиб бораётганлиги ҳуқуқий билим ва маданиятни шакллантиришда ўзига хос тизим ишлаётганини намоён этди.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА