Судлар фаолиятида коррупциявий омилларнинг олди олинади
Бугунги кунда одил судловни амалга ошириш сифати яхшиланди, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш чоралари кўрилди. Жумладан, Олий суднинг “ADOLAT” ахборот тизимлари комплекси платформасида Интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) ишга туширилди.
Шунингдек, “ADOLAT” ахборот тизимлари комплекси платформасида процесс иштирокчиларини уларга суд хабарномаларини электрон шаклда, шунингдек, “SMS” хабар ва электрон почта манзилига юбориш орқали хабардор қилиш, суд ҳужжатларини тарафларга Интернет тармоғи орқали тақдим этиш имкониятларини берувчи дастурий таъминот ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида шу борада сўз борди. Йиғилишда «Судлар фаолиятининг рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан судлар фаолиятини рақамлаштиришни кенгайтириш орқали ишларни юритишда келиб чиқиши мумкин бўлган коррупциявий омилларнинг олди олинади, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражаси оширилади, аҳолининг маблағлари тежалади, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузини оширишга эришилади.
Тадбирда қонун лойиҳаси бўйича депутатлар томонидан аниқлаштирувчи саволлар берилиб, батафсил жавоблар олинди. Фракция аъзолари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.
М.Комилова, ЎзА