Суд жараёнларида адвокатнинг роли кенгайтирилади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси суд-ҳуқуқ тизимида томонларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципини янада кучайтириш, адвокатларнинг процессуал имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Мазкур лойиҳа билан Жиноят-процессуал кодекс ҳамда “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, жиноят иши судга фақат айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга киритилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳимоячига дастлабки тергов ёки суриштирув якунланганидан кейин беш сутка ичида “ҳимоя фикри”ни тақдим этиш ҳуқуқи берилиши белгиланмоқда. Ҳимоя фикрида айбловга муносабат, далиллар, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, судга чақирилиши сўралаётган шахслар ва бошқа фикрлар акс эттирилиши мумкин.
Таъкидланганидек, ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар суд муҳокамаларида тенгликни таъминлаш, судянинг иш бўйича ҳар икки томон фикри билан олдиндан танишишига имконият яратиш ҳамда одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, суд жараёнларида тортишув принципи мустаҳкамланади, адвокатнинг роли ва таъсири ортади.
***
Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режими жорий қилинади
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хусусан, чет эл фуқароларининг мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритишини рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган. Шунингдек, мамлакатимизда дуал таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган чоралар ҳам кўзда тутилган.
Қонун лойиҳада кўзда тутилган солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, хусусан, чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимининг жорий қилиниши уларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олган даромадларини солиқдан озод қилиш имконини беради. Бу эса мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун янада жозибадор муҳит яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳада саноат корхоналарида дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ходимлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда икки баравар камайтирилиб, амалдаги 12 фоиздан 6 фоизга туширилиши миллий иқтисодиёт учун зарур бўлган малакали кадрларни дуал таълим орқали тайёрлашни рағбатлантиришга хизмат қилади.
***
Шунингдек, мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги, «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат сирларини сақлаш фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Битимни (Исломобод, 2026 йил 5 февраль) ратификация қилиш ҳақида»ги, «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги Битимни (Тяньцзинь, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА