Стартап ғояни қандай қилиб йирик бизнесга айлантириш мумкин?
Бугун стартаплар нафақат янги ғоя ва технологияларни яратиш, балки уларни амалиётга татбиқ этиш, ишлаб чиқариш жараёнларига жорий қилиш ва янги бизнес моделларини шакллантиришда муҳим омилга айланмоқда. Бироқ, ҳар қандай истиқболли ғоянинг муваффақияти унинг амалиётга қай даражада татбиқ этилиши, инвестиция билан таъминланиши ва бозор талабига мослашишига боғлиқ.
Шу мақсадда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистонда стартап экотизимини ривожлантириш ҳамда яратилаётган янги механизмлар бўйича амалга оширилаётган ҳаракатлар ҳамда стартап лойиҳаларини йирик кластерларга тақдим этиш” мавзусида “Demo Day” тадбири ташкил этилди.

Тадбирда маҳаллий стартапчилар, йирик ишлаб чиқариш кластерлари, инвесторлар ва тадбиркорлар бир майдонда жамланиб, инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилди. Асосий эътибор истиқболли лойиҳаларни йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан боғлаш, инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва уларга инвестиция жалб қилиш масалаларига қаратилди.
Тадбир доирасида 40 га яқин стартап лойиҳа муаллифлари ўз инновацион ишланмалари ва бизнес ғояларини тақдим этди. Тақдимотларда лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, амалий имкониятлари, бозордаги ўрни ва ривожланиш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.
– Аслида, стартап учун ғоянинг ўзи етарли эмас. Уни реал маҳсулот ёки хизматга айлантириш учун молиявий ресурс, технологик база, малакали мутахассислар ва бозорга чиқиш имконияти зарур. Шу маънода, стартапчилар билан йирик бизнес вакилларининг бир майдонда учрашиши янги лойиҳалар учун муҳим имкониятларни очиб беради.

Бундай мулоқотлар асносида лойиҳа муаллифлари ўз ишланмаларини салоҳиятли инвесторларга тақдим этиш, бизнес вакилларининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, янги ҳамкорлар топиш ва лойиҳаларини янада такомиллаштириш имкониятига эга бўлмоқда, – деди Агентлик ахборот хизмати раҳбари Муқаддас Фаёзова.
Дарҳақиқат, инновацион ғоянинг ҳақиқий қиймати унинг қанчалик тез ва самарали равишда амалиётга татбиқ этилиши билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, бундай платформалар стартапчиларга нафақат ўз лойиҳаларини намойиш этиш, балки уларни ривожлантириш учун зарур бўлган сармоя, ҳамкор ва ишлаб чиқариш имкониятларини топишда ҳам муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Энг муҳими, бундай учрашувлар орқали янги ғоя эгалари билан уни амалга ошириш учун зарур ресурс ва имкониятларга эга бўлган бизнес вакиллари ўртасида ҳамкорлик учун шароит яратилмоқда. Бу эса истиқболли стартапларни янги маҳсулот, хизмат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларига айлантиришга замин яратади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА