Стартап ғоялар сараланмоқда
Тошкент шаҳрида истиқболли стартапларни қўллаб-қувватлаш, уларни кейинги ривожланиш босқичига тайёрлаш ҳамда халқаро бозорга олиб чиқишга қаратилган Startup Growth Program 3.0 (SGP 3.0) дастурининг биринчи босқичи — Startup Growth Conference & Bootcamp конференцияси бошланди.
Дастурнинг дастлабки сараловидан ўтган 23 та стартап жамоаси иштирок этаётган тадбир UzVC ва AKS ҳамкорлигида ташкил этилди. Уч кун давомида амалий семинарлар, халқаро менторлар иштирокида воркшоплар, экспертлар билан очиқ мулоқотлар, индивидуал диагностик учрашувлар ҳамда нетворкинг сессиялари ўтказилади.
Конференция стартап экотизимини ривожлантиришга бағишланган панель муҳокамаси билан бошланди. Унда стартапларни қўллаб-қувватлаш, инновацион лойиҳаларни ривожлантириш, бизнесни масштаблаш ва халқаро бозорларга чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Startup Growth Program 2.0 битирувчиси бўлган Tezbor стартапининг тажрибаси ҳамда Techstars тақдимоти намойиш этилди.
[gallery-31313]
Халқаро менторлар иштирокидаги воркшопларда нархлаш ва позициялаш, бозорга чиқиш стратегияси, стартап ғоясини қисқа ва аниқ тақдим этиш каби мавзулар кўриб чиқилди. Бу машғулотлар иштирокчиларга маҳсулот ва бизнес моделини такомиллаштириш, мақсадли аудиторияни аниқлаш ҳамда ўсиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича амалий тавсиялар беришга қаратилган.
Конференциянинг муҳим босқичларидан бири — стартап жамоалари билан ўтказиладиган индивидуал диагностик учрашувлардир. Уларда ҳар бир лойиҳанинг бизнес модели, маҳсулоти, бозор салоҳияти, жамоа имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари халқаро менторлар ҳамда UzVC мутахассислари томонидан баҳоланади.
Ушбу баҳолаш якунларига кўра, 23 та стартапдан 15 таси дастурнинг кейинги босқичига саралаб олинади. Сараланган жамоалар UzVC томонидан 20 минг АҚШ долларигача инвестиция жалб этиш имкониятига эга бўлади.
Конференциянинг учинчи кунида саралаш натижалари эълон қилиниб, дастурнинг кейинги босқичи тақдим этилади ҳамда иштирокчилар ўртасида нетворкинг тадбири ташкил этилади.
Дастур стартапларга молиявий қўллаб-қувватлаш билан бирга халқаро тажрибага эга менторлар билан ишлаш, бизнесни диагностика қилиш, инвесторлар учун тақдимот тайёрлаш ва бозорга чиқиш стратегиясини такомиллаштириш имкониятини яратади.
Конференция 10 сентябрь куни якунланади.
Камола Юсупова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА