Сўзга эътибор – элга эътибор
З.М.Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида “Сўз эркинлиги: чегаралар борми?” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Кутубхона ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Андижон давлат педагогика институти, Андижон юридик ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ўқитувчи, талаба ва ўқувчилари иштирок этди.
Унда бугунги кунда жамиятимизда, хусусан, ёшлар ўртасида сўз ва фикр эркинлигининг қай даражада шаклланганлиги, унга муносабат, унинг ўзига хос жиҳатлари хусусда атрофлича сўз юритилди.
Давра суҳбатида иштирокчилар бугунги глобаллашув даврида тобора долзарб бўлиб бораётган сўз ва фикр эркинлиги, унинг имкониятлари ва масъулият чегаралари ҳақида ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси Махпурахон Артиқова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмон, Андижон вилояти Адвокатлар палатаси ҳузуридаги “Ҳуқуқ академияси” адвокатлик бюроси раҳбари Ҳаётбек Тошматов, ахборот-кутубхона маркази юрист-маслаҳатчиси Зафарбек Валиев, Абдулҳамид Чўлпон номидаги жамоат фонди раҳбари Муҳаммадрасул Маматқулов иштирок этди. Сўзга чиққанлар фикр эркинлигини таъминлаш, сўз айтиш, фикр билдиришга масъулият билан ёндашиш, белгиланган ва жамиятда шаклланган тартиб-тамойилларга қатъий амал қилиш лозимлиги юзасидан ўзларининг фикр, таклиф ва тавсияларини билдирди.
[gallery-28408]
Жонли мулоқот, баҳс-мунозара, фикрлар хилма-хиллиги асосида ўтган суҳбатда ўқувчи ва талабалар ҳам интернет ижтимоий тармоғидан фойдаланиш, тармоқларда контент яратиш, сўз эркинлиги ва унинг ҳуқуқий чегаралари борасида ўзларининг теран, ўзига хос фикрларини билдирди. Ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олди.
Тадбир иштирокчилар, айниқса, ўқувчи ва талабаларнинг мавзу ҳақидаги билим ва тушунчасини, нутқ маданиятини, сўз айтиш масъулиятини, эркин ва танқидий фикрлаш кўникмаларини янада бойитди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.