“Соя” даги тиббиёт: Жиззахда яширин айланмалар фош этилди
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бизнес учун тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бироқ яширин иқтисодиётнинг мавжудлиги нафақат бюджет тушумларига, балки ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорлар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитига ҳам жиддий зарба бермоқда.
Жиззах вилоятида ўтказилган навбатдан ташқари таҳлилий ўрганишлар, афсуски, тиббиёт ва дори-дармон савдоси соҳасида “соя” даги айланмалар ҳали-ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари томонидан яширин иқтисодиётга қарши курашиш масаласи қатъий вазифа қилиб қўйилган. Бу жараёнда солиқ идоралари фақат назоратчи эмас, балки тадбиркорга кўмакчи бўлиши лозим. Аммо ўрганишлар айрим “тадбиркор” шифокорлар ва дорихона эгалари ҳалигача эскича усуллардан воз кечмаётганини фош этди.
[gallery-28638]
Рақамлардаги яширин манзара:
- 112 та хусусий тиббиёт муассасасида фаолият юритаётган 188 нафар шифокор томонидан хизматлар тўлиқ расмийлаштирилмаган. Натижада 2,7 миллиард сўмлик айланма яширилган.
- 79 та корхона 128,3 миллиард сўмлик айланма маблағга эга бўла туриб, 392 нафар ходимига энг кам иш ҳақи кўрсатган. Бу орқали ижтимоий ва даромад солиқларини камайтиришга уринилган.
- Дори-дармон савдосида фискал интизом бўшашган: айрим муассасаларда савдонинг атиги 23 фоизи чек орқали расмийлаштирилган.
Шунингдек, манзили ва ижара шартномаси мавжуд бўлмаган “шубҳали” корхоналар ҳамда қимматбаҳо тиббий ускуналарга эга бўлса-да, расман “ноль” даромад кўрсатаётган субъектлар аниқланган.
— Бизнинг асосий мақсадимиз кимнидир жазолаш эмас, — дейди Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Бобир Исмоилов. — Бироқ солиқдан қочиш — бу нафақат давлатга, балки ўз вақтида солиқ тўлаб, юрт равнақига ҳисса қўшаётган ҳалол тадбиркорларга нисбатан адолатсизликдир. Бугун солиқ органларида рақамлаштириш жараёни мутлақо янги босқичга чиқди. Энди ҳар бир ҳаракат “интеллектуал таҳлил” тизими орқали кузатилади. Биз риск-таҳлил асосида ишлаяпмиз: ҳалол ишлаётганга кўмакчимиз, аммо яширин иқтисодиётга йўл қўйганларга нисбатан қонун устуворлиги таъминланади.
Ҳозирда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Солиқ кодексига мувофиқ қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилиб, айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, яширин иқтисодиёт — жамият тараққиётини секинлаштирадиган занжирдир. Уни бартараф этиш учун нафақат қатъий назорат, балки тадбиркорларда солиқ маданиятини юксалтириш ва тизимли рақамли ечимлар талаб этилади. Жиззахдаги ўрганишлар иқтисодиётни “соя” дан чиқариш йўлида муҳим ва ортга қайтмас қадам бўлиб хизмат қилади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари