Сўхда 15 МВт қувватли миллий гидроэлектр станцияси қурилади
Президент топшириғи – амалда
Фарғона вилояти Сўх туманида аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш ва иқтисодий ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган 15 МВт қувватли “Миллий ГЭС” қурилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Маълумки, 2026 йил март ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Фарғона вилоятининг Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди. Ушбу йиғилишда туманнинг табиий салоҳияти, мусаффо иқлими, дарёлари ва қулай географик шароити туфайли уни иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш имкони мавжудлиги таъкидланган.

Шу асосда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ҳудудларнинг гидроэнергетик салоҳиятини ўрганиш ишлари тизимли равишда давом эттирилмоқда. Жамият бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи Сўх туманида бўлиб, ҳудуднинг табиий-рельеф шароити, сув оқимлари, гидрологик хусусиятлари ҳамда мавжуд инфратузилма имкониятларини комплекс ўрганди. Топографик тадқиқотлар ҳам амалга оширилиб, гидроэлектр станция қуриш учун зарур шарт-шароитлар батафсил таҳлил қилинди.
Ташриф доирасида туман ҳокимлиги раҳбарияти, масъул идоралар ва маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган учрашувда ушбу ташаббус ҳудудда янги энергетик инфратузилма барпо этиш йўлида муҳим қадам сифатида қайд этилди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад ҳар бир томчи сув ресурсидан самарали фойдаланиш, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини кенгайтириш орқали аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларини қондиришдан иборат.
“Гидропроект” АЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, Сўх туманида 15 МВт қувватли гидроэлектр станция қурилиши 2026-2028 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида гидроагрегатлар, асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар “UzHydroPower” заводида маҳаллийлаштирилган ишлаб чиқариш асосида етказиб берилади.

Қурилиш жараёнида камида 800 нафар ишчи вақтинчалик бандлик билан таъминланади. Бу эса 800 та оилада даромад манбаи яратилишига хизмат қилади. ГЭС ишга туширилгандан сўнг 17 та доимий иш ўрни яратилиши ҳам режада мавжуд.
Жамият ахборот хизматининг хабар беришича, Сўх гидроэлектр станцияси фойдаланишга топширилгандан сўнг йилига ўртача 48 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу туманнинг йиллик 70 миллион кВт·соатлик эҳтиёжининг қарийб 70 фоизини қоплаш имконини беради. Натижада 20 мингдан ортиқ хонадон барқарор электр энергияси билан таъминланади. Шунингдек, ижтимоий ва иқтисодий инфратузилма ишончли энергия манбаига эга бўлади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА