Солиқ қўмитасида марказий аппарат, ҳудудий солиқ идоралари ҳамда тизим таркибидаги ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда давлат солиқ хизмати органларининг 2025 йилдаги фаолияти натижалари батафсил сарҳисоб қилиниб, 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш аввалида Солиқ қўмитаси раиси Ф. Пўлатов 2025 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичларининг тўлиқ бажарилгани муносабати билан солиқ органлари шахсий таркибининг самарали меҳнатини алоҳида эътироф этди. Хусусан, ўтган йил якунларига кўра, давлат бюджетига солиқ тушумлари ўтган йилга нисбатан 24,3 фоизга, ҳудудлар кесимида эса 26,5 фоизга ўсгани қайд этилди.

Ҳайъат йиғилишида асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаларида солиқ органлари зиммасига юклатилган устувор вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш масалаларига қаратилди.
Жумладан, Президентимизнинг Мурожаатномаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалдаги тизим эскиргани, мазкур йўналишда мутлақо янги иш услубига ўтиш зарурлиги таъкидланиб, 2026 йил “фавқулодда ҳолат йили” деб эълон қилингани ҳамда 30 декабрь куни коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизимни жорий этишга қаратилган Фармон қабул қилингани алоҳида қайд этилди. Шу асосда, 2025 йилда солиқ органлари ходимлари томонидан содир этилган маъмурий ва жиноий ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, салбий ҳолатлар кескин танқид остига олинди.

Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш мақсадида қабул қилинган Қонунлар, Фармонлар ва қарорлар асосида 2026 йилда солиқ қонунчилигига 110 дан ортиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилгани таъкидланди.
Йиғилиш давомида мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан солиқ органларига юклатилган кечиктириб бўлмайдиган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш, шунингдек, рақамлаштириш йўналишида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Жорий йилда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича масъул раҳбарларга манзилли топшириқлар берилди.
Ҳайъат йиғилишида қўмита раиси ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда туман (шаҳар) солиқ органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Муҳокамалар якунларига кўра, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган, иш фаолиятида жиддий камчилик ва хатоликларга йўл қўйган 53 нафар масъул ходимга нисбатан интизомий чора қўлланилди. Жумладан, 7 нафар ҳудудий солиқ инспекцияси раҳбарлари, 1 нафар солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари ҳамда 1 нафар солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Йиғилиш якунида 2026 йилнинг I чораги учун барча солиқ турлари бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз ва сифатли таъминлаш, шунингдек, солиқ маъмурчилигига киритилган янгиликларни солиқ тўловчиларга ўз вақтида ва тушунарли тарзда етказиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Ш. Маматуропова, ЎзА