Солиқ қўмитаси P2P ўтказмалари бўйича Марказий банк эътирозларига расмий жавоб берди
Солиқ қўмитаси банк сири ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги P2P ўтказмаларини мониторинг қилишга оид масалалар юзасидан Марказий банкнинг позициясига расмий муносабат билдирди.
Қўмитанинг маълум қилишича, банклар билан ҳар қандай ахборот алмашинуви фақат амалдаги қонунчилик доирасида, банк сирини сақлаш, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончини таъминлаш тамойиллари асосида амалга оширилиши лозим.
Эслатилишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ, банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сирининг дахлсизлиги қонун билан кафолатланган. Шунингдек, мазкур соҳадаги муносабатлар «Банк сири тўғрисида»ги қонун ҳамда Солиқ кодекси нормалари билан тартибга солинади.
«Банк сири тўғрисида»ги қонунда банк мижозларининг солиққа оид маълумотлари қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ органларига тақдим этилиши мумкинлиги назарда тутилган. Солиқ кодексида эса банкларнинг солиқ органларига ахборотни фақат қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар ва тартибда тақдим этиш мажбурияти аниқ белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, Солиқ қўмитаси жисмоний шахслар ўртасидаги P2P ўтказмалари ўз-ўзидан солиқ солиш объекти ҳисобланмаслигини яна бир бор таъкидлади. Бу эса фуқароларнинг шахсий маблағ ўтказмалари устидан оммавий назорат ўрнатилишини англатмайди.
Қайд этилишича, муҳокама қилинаётган лойиҳанинг асосий мақсади банклар ва солиқ органлари ўртасида ахборот алмашинувининг хавфсиз, аниқ ва халқаро амалиётга мос механизмларини шакллантиришдан иборат.
Маълум қилинишича, мазкур лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси якунланган. Муҳокама жараёнида келиб тушган барча таклиф ва мулоҳазалар, жумладан Марказий банкнинг расмий позицияси ҳам атрофлича ўрганилади. Шундан сўнг тегишли хулосалар чиқарилиб, кейинги қарорлар қабул қилинади.
Ш.Маматуропова, ЎзА