Солиқ инспекторларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Давлат хавфсизлик хизмати Call-марказига келиб тушган мурожаат асосида Хизматнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Хусусан, Юнусобод тумани Солиқ инспекциясининг 2 нафар инспектори ўзаро тил бириктирган ҳолда, хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркорга “Чилонзор буюм бозори комплекси” АЖдан 3 та савдо дўконини ижарага олишда ёрдам беришни ваъда қилишган.
Улар ўзларининг танишлари орқали тадбиркорга тегишли МЧЖни очиқ савдо тендерида ғолиб бўлишини таъминлаш ва дўконларни ижарага олиш бўйича шартномаларни расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилишган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида солиқчилар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.