Солиқ имтиёзлари — тараққиёт омили
Жорий йилнинг биринчи чорагида Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 38 та корхона учун ҚҚСнинг 0 фоиз ставкаси қўлланилиши натижасида 20 миллиард сўм маблағ уларнинг ўз ҳисобида сақланиб қолди. Бу эса тадбиркорларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.
– Юртимизда ҚҚСнинг 0 фоиз ставкада қўлланилиши нафақат корхоналарнинг молиявий юкини енгиллаштирди, балки уларнинг айланма маблағларини кўпайтириш орқали ишлаб чиқариш фаоллигини оширди. Энг муҳими, бугун тадбиркор ўз фаолиятини эркин ва шаффоф юритишга интилмоқда. Натижада экспорт ҳажми ошиб, ички бозорда рақобатбардош маҳсулотлар кўпаймоқда. Ўз ҳисобида қолган маблағлар эса янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб қилиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга йўналтирилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи Илғор Халилов.

Сўнгги йилларда солиқ органлари фаолиятида “текширув эмас, кўмак” тамойили устувор аҳамият касб этиб, тадбиркорлар билан муносабатларда очиқлик ва ишончга асосланган янги тизим шаклланди. Шу боис Сирдарё вилоят солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорларнинг муаммоларини жойига чиқиб ўрганиш, амалий ёрдам кўрсатиш ва қонунчиликдаги янгиликларни тушунтириш ишлари изчил олиб борилмоқда.
– Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 4 сентябрда имзоланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида солиқ юкини камайтириш ва соҳада шаффофликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун катта имконият яратди, – дейди Илғор Халилов. – Чунки ушбу фармон асосида ҚҚСнинг 0 фоиз ставкаси жорий этилди. Бу эса расмий товар айланмасини ошириш, “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Мисол учун, Сардоба туманидаги “ЗМ Бобур” қўшма корхонаси ушбу имкониятлардан самарали фойдаланаётган корхоналардан бири ҳисобланади. Паррандачилик йўналишида фаолият юритаётган мазкур корхонада 100 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган. Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилиб, ҳудуднинг ташқи бозорлардаги салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
ҚҚС имтиёзлари туфайли корхона ихтиёрида сақланиб қолаётган маблағлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, замонавий ускуналар харид қилиш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирилмоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг рақобатбардошлигини янада оширмоқда.

Умуман олганда, Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, айниқса, солиқ соҳасидаги янгиликлар тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаб, барқарор иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Вилоят тобора замонавий иқтисодиёт марказига айланиб бормоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири