“Сўғдиёна” устунликни сақлаб қола олмади
Футболда ҳисобни очиш – ғалабага ташланган муҳим қадам. Аммо уни сақлаб қолиш, айниқса, учрашувнинг ҳал қилувчи палласида босимга дош бериш ҳам алоҳида маҳорат ва руҳий барқарорликни талаб этади. Зомин шаҳарчасида кечган “Сўғдиёна” – ОКМК баҳси айнан шу ҳақиқатни яна бир бор кўрсатди. Ўзбекистон чемпионатининг 22-туридан ўрин олган учрашувда жиззахликлар биринчи бўлимда 1:0 ҳисобида олдинга чиқди. Бироқ якунда ғалаба меҳмонлар томонида бўлди.
Баҳснинг дастлабки қисмида “Сўғдиёна” фаолроқ кўринди. Мезбонлар ҳужумга интилди, ОКМК эса тўп назорати орқали ўйинда ўзини топишга уринди. Бироқ дастлабки дақиқаларнинг ўзиёқ майдондаги асосий муаммони кўрсатиб қўйди: мезбонлар имконият яратишда устунлик қилган бўлса, меҳмонлар уларни самарали якунлай олмасликдан фойдаланиш учун қулай фурсат кутаётган эди.
10-дақиқада Милан Митрович ОКМК футболчисининг бирга-бир вазиятда гол уришига йўл қўймади. 17-дақиқада эса меҳмонлар футболчиси Нодир Абдураззоқов ҳисобни очиши мумкин бўлган имкониятдан фойдалана олмади. Орадан бир дақиқа ўтиб, Ҳамидулло Абдунабиевнинг “сейв”и эса ОКМК дарвозасини хавфдан асради.
25-дақиқага келиб “Сўғдиёна” ўз имкониятидан унумли фойдаланди. Люпчо Дориевнинг бурчакдан етказиб берган тўпини Филип Иванович боши билан дарвозага йўллаб, ҳисобни очди – 1:0.

Ҳисоб “Сўғдиёна” фойдасига ўзгарганидан кейин мезбонлар учун энг муҳими – ўйин жиловини қўлда ушлаб қолиш эди. Аммо биринчи бўлим якунига қадар ОКМК тўп назоратида устунликни сақлаб қолди. Бу устунлик ҳали ҳисобда акс этмаган бўлса-да, кейинги бўлим учун жиддий огоҳлантириш эди.
Танаффусдан сўнг Миржалол Қосимовнинг қарорлари ҳам ўйин тақдирига таъсир қилди. ОКМК таркибида Ариҳиро Сентоку, Асадбек Собиржонов ва Аброр Каримов майдонга туширилди. Улуғбек Бақоев ҳам Петар Мичин ва Забиҳулло Ўринбоевни ўйинга қўшди. Бироқ айнан шу паллада меҳмонларнинг ҳаракатларидаги шиддат сезиларли кучайди. “Сўғдиёна” эса биринчи бўлимдаги фаоллигини бир маромда давом эттира олмади.

60-дақиқада ОКМК дарвозаси олдида жиддий хавф яратилди, лекин тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтмади. 67-дақиқада эса захирадан майдонга тушган меҳмонлар футболчиси Асадбек Собиржоновнинг узатмасидан кейин Гиорги Папаванинг бош билан йўллаган зарбасини Милан Митрович қайтарди. Орадан кўп ўтмай, “Сўғдиёна” легионери Петар Мичиннинг кучли зарбаси Ҳамидулло Абдунабиев томонидан бартараф этилди.
Ўйин охирлашган сари “Сўғдиёна” футболчиларида толиқиш сезилди. Майдон эгалари буни ҳис қилган бўлса-да, ўйинни ўз назоратига қайтариш учун етарли даражада таъсирчан чоралар кўра олмади.

Натижада 83-дақиқада меҳмонларнинг жиддий босими ўз самарасини берди. Ариҳиро Сентоку ижро этган жарима зарбасидан кейин ҳимоядаги палапартишликдан Гиорги Папава фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди – 1:1. ВАР вазиятни текширди ва гол инобатга олинди.
Бу гол “Сўғдиёна” учун шунчаки ҳисобнинг тенглашиши эмас, балки учрашувдаги руҳий устунликнинг қўлдан чиқиб кетганини англатарди. Ҳали мезбонларда вазиятни тўғрилаш учун вақт бор эди. Аммо бор-йўғи тўрт дақиқа ўтиб, яна бир зарба голга сабаб бўлди.
87-дақиқада ўша тиниб-тинчимас япониялик легионер Сентокунинг ажойиб узатмасини Нодир Абдураззоқов боши билан голга айлантирди – 1:2.

Шу тариқа бир неча дақиқа ичида 1:0 ҳисобида олдинда бораётган “Сўғдиёна” 1:2 ҳисобида ортда қолди. Футболнинг шафқатсизлиги ҳам шунда: 80 дақиқадан ортиқроқ вақт давомида қўлда турган устунлик, бир неча дақиқалик футболчиларнинг эътиборсизлиги ва ўйинга жисмонан ҳар томонлама тайёр бўлмаслиги ғалабанинг қўлдан кетишига сабаб бўлди.
Айниқса, ОКМК мураббийлари топшириғи асосида “Сўғдиёна” сардори, чемпионат тўпурари Люпчо Дориевга ушбу баҳсда голли зарба учун бирор марта имконият берилмагани ҳам меҳмонлар режасининг муҳим қисми бўлди. Мезбонлар эса рақибнинг бу режасига муносиб жавоб топа олмади. Энг муҳими, ҳисобни сақлаб қолиш учун зарур бўлган совуққонлик сўнгги дақиқаларда етишмади.
“Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев учрашувдан кейинги матбуот анжуманида жамоа баҳсни яхши бошлаганини, биринчи бўлимда футболчилар ҳаракатидан эътирози йўқлигини айтди. Аммо у иккинчи бўлимда ўйин кўнгилдагидек чиқмаганини ҳам тан олди. Мураббийнинг “футболни 90 дақиқа давомида тўлиқ ўтказиш керак” деган фикри эса учрашувнинг ўзига берилган энг аниқ баҳодек янгради.

Дарҳақиқат, бу баҳсда “Сўғдиёна”нинг асосий йўқотиши уч очконинг ўзи эмас. Жамоа 1:0 ҳисобида олдинда бора туриб, ўйинни назорат қилиш, рақиб босимини юмшатиш ва энг муҳими, учрашувни ўз фойдасига якунлаш имкониятини қўлдан чиқарди. ОКМК эса аксинча, ҳисобда ортда қолганига қарамай, ўйин охиригача курашди ва бу ҳаракатини икки гол билан мустаҳкамлади.
Бугун Урганчда “Хоразм” ва Навоийнинг “Қизилқум” жамоалари ўртасидаги баҳс билан 22-турга якун ясалади. Шундан сўнг FIFA кунлари муносабати билан Суперлигада 22 сентябрдан 8 октябргача танаффус бўлади. Чемпионат баҳслари 9 октябрдан қайта давом этади.
Бу танаффус “Сўғдиёна” учун оддий тақвимий узилиш эмас, балки ўйиндаги оғриқли нуқталарни бартараф этиш учун берилган фурсат бўлиши керак. Чунки Зоминдаги учрашув бир ҳақиқатни очиқ кўрсатди: ғалабани хоҳлашнинг ўзи кам, уни охирги ҳуштакка қадар ҳимоя қила олиш ҳам керак.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири