Собиқ ўқувчи ўзи ўқиган мактабга китоблар совға қилди
Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 10- умумий ўрта таълим мактабининг собиқ битирувчиси, “Глобал боокс” нашриёти раҳбари Аброр Қўшназаров “Ўзим ўқиган мактабимга китоб совға қиламан” акцияси доирасида 106 номдаги 1959 дона китобни мактаб кутубхонасига тақдим қилди.
– Дунёда совғалар ичида энг ноёблари бор, аммо китобнинг ўрни алоҳида, – дейди Аброр Қўшназаров. – Китоб нафақат совға, балки инсон фикр дунёси, ҳис-туйғулари ва билим оламининг эшиги. Ҳар бир саҳифа янги фикр, ҳар бир ҳикоя қалб учун илҳом, ҳар бир маълумот дунёга очиладиган эшикдир. Шу мақсадда узоқ ўйлаб юрган режаларим бугун амалга ошди. Узим ўқиган мактабга яхши ният билан китоблар совға қилдим. Бу менга фахр ва ғурур бахш этди.

Ушбу китоблар орасида бадиий, насрий ва тарихий асарлар бор бўлиб, улар мактаб ўқувчилари учун билим манбаи бўлади. Педагоглар ва ўқувчилар ташаббусни юқори баҳолаб, ҳар бир китобнинг инсон ақлини ва қалбини бойитувчи муҳим мерос эканлигини таъкидлашди.
Бу каби акциялар ёшлар ўртасида китобга бўлган муҳаббатни ошириш, билим салоҳиятини юксалтириш ва маънавий тарбияни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири