Шоличиликда самарали тажрибалар оммалаштирилади
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамият касб этувчи амалий ўқув-семинар ташкил этилди. “Шоли етиштиришнинг интенсив технологияси” мавзусида ўтказилган тадбирда асосий эътибор шоличиликда илғор замонавий технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда фермер хўжаликлари самарадорлигини юксалтиришга қаратилди.
Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Николаевич Пак ташаббуси билан Жанубий Кореянинг “KOPIA” маркази ҳамда Республика шоличилик институти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда фермерлар, аграр соҳа мутахассислари ва қишлоқ хўжалиги йўналишида фаолият юритувчи олимлар қатнашди. Дастлаб депутат Виктор Пак мамлакатда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, янги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда давлат дастурларининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда асосий вазифа аграр соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали ресурс тежамкорликни таъминлаш ва фермерлар даромадини оширишдан иборат.

Тадбирнинг асосий қисми Жанубий Кореянинг “KOPIA” маркази эксперти, профессор Ум Миок иштирокида ўтди. У “Кореяда шоли уруғини етиштириш, тарқатиш тизими ва ишлаб чиқариш технологияси” мавзусида кенг қамровли амалий маъруза ўтказди. Жараёнда уруғчиликда сифат назорати, сув ва ресурс тежовчи технологиялар, шунингдек, замонавий ўғитлаш тизимларининг самарали усуллари бўйича тажриба алмашилди.

Мутахассислар томонидан қайд этилганидек, Корея тажрибаси шоличиликда юқори ҳосилдорликка эришишда инновацион ёндашувларнинг ўрни беқиёс эканини кўрсатмоқда. Хусусан, рақамли агротехнологиялар ва аниқ илмий ёндашувли деҳқончилик усулларининг жорий этилиши сув ресурсларини тежаш ва ер унумдорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон шароитида шоличилик қишлоқ хўжалигининг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. У нафақат ички озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боисдан ҳам, соҳада интенсив технологияларни жорий этиш мамлакат иқтисодиётининг аграр сектори ривожига катта ҳисса қўшади.

Бекободда ўтказилган ушбу ўқув-семинар фермерлар учун янги билим ва илғор тажрибалар билан танишиш имконини берди. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва халқаро экспертлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳага замонавий ёндашувларни жорий этишга хизмат қилувчи муҳим майдон вазифасини ўтади. Бу каби ҳамкорлик лойиҳалари келгусида Ўзбекистонда шоличиликни янги босқичга олиб чиқиш, фермер хўжаликларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
А.Мусаев, ЎзА