Шиор эмас, амалий натижа: Мирзаободнинг янги қиёфаси
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга тадбиқ этилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури нафақат иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш, балки инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир оиланинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга ҳужжатдир.
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида мазкур дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар бугун ўз мевасини бера бошлади.
Мирзаободда кечаётган ўзгаришлар шунчаки ҳисоботлардаги рақамлар эмас, балки аҳоли ҳаётидаги аниқ ижобий натижалардир. Маълумотларга кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида Маҳаллаларни ривожлантириш жамғармасига келиб тушган 829 миллион сўмдан зиёд маблағнинг асосий қисми — қарийб 774 миллион сўми ижтимоий соҳа, инфратузилма объектларини таъмирлаш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга йўналтирилди.


— Кўпчиликда бу маблағлар туман қиёфасини қандай ўзгартирди?, деган ҳақли савол туғилиши табиий, — дейди Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Мирзаобод тумани бўлими бошлиғи Муҳиддин Мавлонов. — Биринчи навбатда, инфратузилма масаласига эътибор қаратдик. Туман ҳудудида 1,7 километрга яқин ички йўллар асфальтланди. Энг муҳими, “қоронғи кўча” тушунчасига чек қўйиш мақсадида 91 та замонавий тунги чироқ ва 88 та қуёш батареяли ёритиш ускуналари ўрнатилди. Сув таъминотидаги муаммолар ҳам босқичма-босқич ҳал этилиб, янги тармоқлар тортилди. Бироқ дастурнинг моҳияти фақат йўл ёки чироқда эмас. У, энг аввало, инсон тақдирига дахлдор. Эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш доирасида 12 та хонадон капитал таъмирланди, уларга қурилиш материаллари ва энергия тежамкор қуёш панеллари бепул ўрнатиб берилди. Масалан, Ш. Пардабоева хонадонида ўрнатилган 3 кВт лик қуёш панели оиланинг электр энергияси учун харажатларини кескин камайтириш имконини берди.


Ишсизликни қисқартириш ва кам даромадли оилаларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш борасида ҳам тизимли қадамлар ташланди. Тумандаги 5 та маҳаллада намунавий тарзда “Маҳалла сервис компанияси” ташкил қилинди. Ушбу тузилмалар зарур техник ускуналар ва электр мотороллерлар билан таъминланиб, маҳаллалардаги ишсиз ёшларни банд қилди. Ҳозирда улар аҳоли хонадонларига 20 дан ортиқ турдаги сервис хизматларини кўрсатмоқда.
— Томорқадан унумли фойдаланиш борасида Қодировлар ва Мирзаевлар оилаларининг тажрибаси таҳсинга лойиқ, — дейди М. Мавлонов. — Бири иссиқхонада полиз маҳсулотлари етиштирса, иккинчиси паррандачилик орқали рўзғорини бут қилмоқда. Бу рақамлар эмас, балки инсонларнинг ўз меҳнати билан камбағалликдан чиқиб бораётганининг ҳаётий ифодасидир.


“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 17 та маҳаллада 143 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экилиб маҳалла боғлари барпо этилди. Бу ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлаш билан бирга, аҳоли учун соғлом муҳит яратишга хизмат қилади. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базаси янгиланди, бинолар таъмирланиб, рақамли технологиялар билан жиҳозланди.
Мирзаободда амалга оширилаётган ушбу тизимли ишлар 2025 – 2026 йилларда минглаб фуқароларни камбағалликдан чиқариш йўлидаги улкан мақсадларнинг бир қисмидир. Дастурнинг асосий мақсади фақат моддий ёрдам бериш эмас, балки аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва ўз даромадини мустақил яратишга рағбатлантиришдир. Зеро, “Камбағалликдан фаровонлик сари” тамойили — халқимиз розилиги ва келажакка бўлган ишончининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири