Шарафли касб эгалари (+видео)
Орамиздаги замондошларимиз
Ўқитувчи ва мураббий. Оддийгина бу сўзлар замирида улкан маъно мужассам. Зеро, ҳар бир касб эгаси ўқитувчининг қўлида савод чиқаради, таълим-тарбия олади.
Сўнгги йилларда педагогларга бўлган эътиборнинг кучайиши бу соҳадаги ёндашувлар тубдан ўзгараётганини кўрсатмоқда. Илгари ўқитувчининг асосий вазифаси таълим бериш билан белгиланган бўлса, бугун унга ўз касбий маҳоратини мунтазам ошириш, замонавий методикаларни ўзлаштириш, халқаро ва миллий баҳолаш мезонларига мос равишда ишлаш, ўз натижасини намоён этиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Малака ва миллий сертификатлар асосида устамаларнинг белгиланиши, юқори натижа кўрсатган педагогларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, турли касбий кўрик-танловларнинг ташкил этилиши эса ўқитувчини ўз устида ишлашга ундамоқда. Бу жараёнда рағбат фақат мукофот вазифасини эмас, балки педагогни касбий ривожланишга чорловчи механизм сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
“Йил ўқитувчиси” кўрик-танлови ҳам ана шу янги ёндашувнинг муҳим кўринишларидан бири сифатида аҳамиятлидир. Бундай танловлар орқали нафақат энг илғор педагоглар аниқланади, балки уларнинг иш услуби, методик тажрибаси ва таълим жараёнида эришган натижалари оммалаштирилади.

Навоий шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактабида қарийб йигирма йилдан буён кимё фанидан дарс бериб келаётган ўқитувчи Дилдора Раззоқова ҳам “Йил ўқитувчиси” танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.
– Бугунги кунда таълим тизимида яратилаётган барча имкониятлардан самарали фойдаланяпман, – дейди Д. Раззоқова. – Меҳнатим натижасида 70 фоизлик устамага эга бўлдим. Миллий сертификат орқали яна 20 фоизлик устама оляпман. Шунингдек, 100 фоизлик устама ҳам белгиланган.
Ҳозирда ўқитувчи эришиши мумкин бўлган кўплаб юқори натижаларга эришдим. Бугун педагогнинг ўз устида ишлаши, малакасини ошириши учун имконият ва вақт етарли. Энг муҳими, ўқитувчи ўзининг асосий вазифаси – ўқувчи билан ишлашга кўпроқ эътибор қаратиши мумкин.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунини пахта далаларида ўтказган пайтларимиз ҳам бўлган. Бугун эса ўқитувчи ўз касбий фаолияти билан шуғулланиб, ўқувчиларга сифатли таълим беришга интиляпти. Бунинг натижасида таълим сифати ҳам ошиб бормоқда.
Таълимга бўлган эътибор, тизимда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиликлар, педагогларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар, аввало, келажагимизни ишончли қўлларга топширишга хизмат қилади. Агар педагогнинг мақоми ва нуфузи шу тарзда изчил ошириб борилса, албатта, энг ривожланган давлатлар қаторига қўшиламиз.
Педагогларга кўрсатилаётган юксак эътибор учун Президентимизга шахсан ўз миннатдорлигимни билдираман. Ана шу эътибор ва яратилган имкониятлар туфайли мен ҳам ўз устимда ишлаб, бу каби танловларда ғолибликни қўлга киритишга муваффақ бўляпман.
Тўғриси, 2026 йилни ўқитувчилар учун юксак эътибор ва имкониятлар йили бўлди, деб ҳисоблайман. 208 нафар ўқитувчининг 616 миллион сўм пул маблағи билан тақдирланиши ҳам педагогларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яна бир намунасидир. “Йил ўқитувчиси” деган ном эса ҳар бир педагогнинг касбий фаолиятида эришиши мумкин бўлган энг юксак марралардан бири, деб ўйлайман.

Албатта, бугун Дилдора Раззоқова каби ўз касбига садоқат билан ёндашаётган педагогларнинг эътироф этилаётгани ҳам таълим тизимидаги катта ўзгаришларнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда. Уларнинг тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, яратилган имкониятдан унумли фойдаланиш, мунтазам изланиш ва тинимсиз меҳнат натижасида ўқитувчи нафақат шахсий ютуққа, балки таълим тараққиётига ҳам ҳисса қўша олади.
Устозга ишонч ортган жойда эса таълимга ишонч ортади. Таълимга ишонч бор жойда эса жамиятнинг эртанги кунига ишонч мустаҳкамланади.
А.Бўриев, С.Аслонов (видео), ЎзА мухбирлари