Шаменаз Бано: Лазги – инсон қалби ва табиат уйғунлигининг рақсдаги ифодаси
Шу кунларда Хива шаҳрида бўлиб ўтаётган III “Лазги” халқаро рақс фестивали нафақат миллий санъатимиз, балки жаҳон маданияти учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу нуфузли анжуманга турли минтақалардан ташриф буюрган олимлар, санъатшунослар ва ижодкорлар лазгининг тарихи, мазмун-моҳияти ҳамда унинг санъат оламида тутган ўрни хусусида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашмоқда.

Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот соҳибаси, Ҳиндистондаги “Progressive Literary & Cultural Society” маданият ташкилоти асосчиси ва бугунги кунда Аллоҳобод шаҳридаги Ражарши Тандон Маҳила Маҳавидялая институти илмий ходими, адабиётшунос Шаменаз Бано лазги рақсининг ўзига хос жиҳатлари, унинг инсоний туйғуларни ифода этишдаги роли ҳамда жаҳон маданиятида тутган мавқеи хусусида ўз фикрларини баён этди.
– Лазги – Ўзбекистоннинг энг қадимий ва машҳур рақс турларидан бири ҳисобланиб, бугунги кунда бутун дунёга тобора машҳур бўлиб бормоқда. Лазги Хоразм воҳасига мансуб рақс тури бўлиб, шўх куй жўрлигида ғайратли ва шижоатли эркак ҳамда аёл раққослар томонидан ижро этилади. Цивилизация бешиги бўлган қадимги Хоразм маданиятининг илк кўринишлари рақс санъатида яққол намоён бўлади.

Тарихчилар фикрича, лазги уч минг йиллик тарихга эга. Ўзининг бетакрор сифати туфайли у ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Бу рақс турининг бутун дунёга оммалашишига кўплаб ўзбек олимлари ва санъаткорлари ҳисса қўшган. Улар орасида Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова алоҳида ўрин тутади.

Г.Матёқубова 1947 йил 18 октябрда Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида туғилган. У Ўзбекистон давлат хореография академиясининг “Санъат назарияси ва тарихи” кафедраси профессори, Евроосиё Рақс академиясининг фахрий академигидир. Моҳир раққоса-балетмейстер, этнограф ва ўзбек миллий рақс санъати тарғиботчиси Гавҳар Матёқубова бугунги кунга қадар Ўзбекистон ва бошқа хорижий мамлакатларда 200 га яқин рақс саҳналаштирган.
У “Лазги” (2017), “Санъат фидойиси” (2018), “Лазги: севги ва қалб рақси” (Қоҳира, 2022), “Хоразм лазги рақси: тарих ва тавсиф” (2022), “Хоразм лазгиси тарихи” (2023) каби китоблар, рисолалар ва монографиялар муаллифидир. Шунингдек, у 2021 йилда “Хоразм рақс ҳаракатлари номларининг ўзбекча-русча-инглизча-французча-туркча қисқача изоҳли луғати”ни нашр эттирган. Бу китоб нафақат Ўзбекистон, балки Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Миср, Германия, АҚШ ва Таиланд каби мамлакатларда ҳам турли тилларда нашр этилган. Сўнгги пайтларда Г.Матёқубова “Ўзбек ва ҳинд рақслари” ҳамда “Лазгининг Авестога оид илдизлари” монографиялари устида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Лазги рақсининг жаҳон миқёсида оммалашишига ҳисса қўшаётган яна бир зиёли инсон – профессор Ҳулкар Ҳамроевадир. Филология фанлари доктори Ҳ.Ҳамроева Самарқанд вилоятида туғилган. Унинг “Ўзбек миллий рақс санъати атамаларининг тадқиқи”, “Лазги – севги ва қалб рақси”, “Нотиқлик санъати”, “Сўз масъулияти”, “Фидойилик фалсафаси”, “Ўзбек болалар фольклор рақслари: анъанавийлик ва замонавийлик” каби монография ва ўқув қўлланмалари нашр этилган. Шунингдек, у Москва, Қоҳира, Истанбул, Боку, Деҳли, Остона каби шаҳарларда ўтказилган турли халқаро илмий-назарий анжуманлар иштирокчиси.

Мен бу икки санъат фидойиси билан илк бор Агра шаҳрида бўлиб ўтган Ҳиндистон-Ўзбекистон маданият фестивалида учрашган эдим. Ўша тадбирда уларнинг чиқишлари ва мулоҳазалари менда жуда катта таассурот қолдирган. Айниқса, Гавҳар Матёқубованинг лазги рақсининг тарихи, унинг ҳаракатларида мужассам бўлган маъно ва фалсафа ҳақидаги чуқур таҳлиллари барча иштирокчиларни мафтун этганди. У лазгини нафақат рақс, балки инсон қалбининг ифодаси, табиат ва ҳаёт билан уйғунлик рамзи сифатида талқин қилди.
Шунингдек, Ҳулкар Ҳамроева ўз маърузасида лазгининг тил ва маданият билан боғлиқ жиҳатларини таъкидлаб, рақс атамаларининг маъно қатламлари орқали халқ дунёқараши ва тафаккури қандай акс этишини мисоллар билан тушунтириб берганди.

Хивадаги III “Лазги” халқаро рақс фестивалида намойиш этилаётган лазги чиқишлари ва илмий мулоҳазалар шуни яна бир бор исботлайдики, бу ноёб рақс тури аллақачон миллий доирадан чиқиб, жаҳон санъати саҳнасида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Турли мамлакатлардан ташриф буюрган иштирокчилар лазгининг нафақат ташқи жозибаси, балки унинг ички мазмуни – инсон ҳис-туйғулари, табиат ва руҳий олам уйғунлигини акс эттиришига алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу маънода, лазги нафақат санъат намунаси, балки ўзбек халқининг миллий ифтихор тимсолидир.
Умуман олганда, лазги – бу миллат руҳининг жонли ифодаси, у қанчалик қадимий бўлса, шунчалик замонавий ва жаҳонийдир. Унинг дунё маданиятидаги ўрни эса кун сайин мустаҳкамланиб, ўзбек санъатининг бетакрор қиёфасини намоён этиб бормоқда.
Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА