Сенаторлар миллий маҳсулотларнинг халқаро савдода тўсиқсиз айланишига хизмат қиладиган қонунни маъқуллади
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш жараёнида ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги миллий қонунчиликни ташкилотнинг битимларида назарда тутилган қоидалар ва меъёрларга мувофиқлаштириш зарурати юзага келган.
Ялпи мажлисда муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битимига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.

Мазкур қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдукаримова ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Миллий фитосанитария тизимини халқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенцияси (Рим, 1951 йил 6 декабрь)га қўшилиб, унинг иштирокчи мамлакатларидан бирига айланди.
Ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларини халқаро савдода хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 30 дан ортиқ фитосанитария чоралари бўйича халқаро стандартларнинг талаблари миллий қонунчиликка имплементация қилинди.

Қонун билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунда келтирилган асосий тушунчалар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция доирасида тасдиқланган фитосанитария атамалари луғатига мувофиқлаштирилмоқда.
Ўсимликлар карантини соҳасидаги маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари аниқ белгиланмоқда.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария назорати остида хавфларни бошқаришга асосланган танлаб олишнинг автоматлаштирилган механизми тартиб-таомилини тасдиқлашни агентлик амалга оширади. Карантин остидаги материалларни фитосанитар зарарсизлантириш қоидалари ва усуллари, ўсимликлар карантини соҳасидаги лаборатория текширувларининг услубларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳам агентлик зиммасига юклатилмоқда. Агентликнинг фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолиятни лицензиялаш бўйича талаблар ва тартибни ишлаб чиқиш каби ваколатлари ҳам белгиланмоқда.

“Давлат божи тўғрисида” ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга юридик шахсларга фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолият учун чекланган муддатга лицензия берилиши ҳамда ушбу фаолият учун давлат божи белгиланиши, лицензиянинг номи ва унинг кичик турлари аниқлаштирилиши ҳамда мазкур фаолиятни амалга ошириш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори белгиланишига оид нормалар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолиятни янада такомиллаштириш ҳамда маҳсулотларнинг халқаро савдода тўсиқсиз айланишини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА