Сенатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритиш масаласи муҳокама қилинди
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Мажлисда кейинги йилларда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатида нуфузини оширишга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда ва халқаро майдонда ўзбек тили фаол қўлланилмоқда. Хорижий мамлакатларда ўзбек тилига эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.
Мана шундай шароитда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ва имло қоидаларини янада такомиллаштириш ҳаётий заруратга айланди.
Шу муносабат билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидалари мутахассислар томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари асосида такомиллаштирилди.

Унга кўра, қонунга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда (амалда 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси).
Сенаторлар томонидан қонун кучга киргунига қадар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларда ушбу қонун таҳрири асосида такомиллаштирилган ҳарфларнинг аввалги шакли мавжуд бўлиши уларнинг амал қилишига ва муомалада бўлишига монелик қилмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида амалда фойдаланилаётган ҳужжатлар, бланкалар, пешлавҳалар, кўрсаткичлар ва бошқа моддий воситаларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш зарурати талаб қилинмайди.
Сенаторлар қонун лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ва имло қоидаларини янада такомиллаштириш ҳамда давлат тилини қўллаш ва рақамлаштириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Мажлис якунида қўмитанинг ушбу қонунни Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш юзасидан қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА