“Сазағон”да ватанпарварлик фестивали
“Мардлар қўриқлайди Ватанни!” шиори остида “Сазағон” полигонида ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Марказий ҳарбий округ ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган фестивалнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А.Саидов ҳарбий хизмат муқаддас бурч, юксак шараф эканини таъкидлаб, она-Ватан ҳимояси ёшлар олдидаги энг олий мақсад бўлиши кераклигини қайд этди.





Юрт посбонларининг қўл жанги усуллари бўйича кўргазмали машғулотлари, танк биатлони, қурол-аслаҳаларнинг жанговар намойиши, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотларининг кўргазмаси тадбирда иштирок этган ёшларга ўзгача ғурур бағишлаб, уларнинг ҳарбийликка қизиқишини орттирди.
Фестиваль давомида вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан саҳна кўриниши, Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестрининг бадиий-мусиқий чиқишлари намойиш этилди. Шунингдек, фестиваль доирасида улоқ кўпкари, миллий кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, камондан ўқ отиш, қўл жанги, билак кучини синаш мусобақалари ташкил этилди.


