Сайхунободда “Обод хонадон” тажрибаси оммалаштирилади
Сайхунобод туманида маҳаллаларда ободлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган “Обод хонадон” намунаси асосида амалий тадбир ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Амалий машғулот Гулистон маҳалласидаги Чоргоҳ кўчасида яшовчи Рустам Сангилов хонадонида ташкил этилди. Унда маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида хонадон ва ҳовли ҳудудини озода ва саранжом сақлаш, санитария-гигиена талабларига риоя этиш, томорқадан самарали фойдаланиш, кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича илғор тажрибалар амалий намойиш этилди. Шунингдек, маҳаллаларда ободлик ишларини тизимли ташкил этиш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир хонадонни намунавий ҳолатга келтириш юзасидан амалий тавсиялар билдирилди.

— Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллаларни ҳар томонлама обод ва фаровон масканга айлантириш, аҳоли турмуш сифатини юксалтиришга қаратилган ташаббуслар бугун жойларда амалий натижа бермоқда. Хусусан, Сайхунобод туманида “Обод хонадон” тажрибасини кенг жорий этиш орқали ҳар бир хонадонда озодалик, саранжомлик ва файзли муҳитни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда “маҳалла еттилиги”, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугунги амалий тадбир илғор тажрибаларни оммалаштириш ва уларни барча маҳаллаларга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади. Энди ҳар бир маҳаллада намунавий хонадонлар сонини кўпайтириш, кўчаларни обод қилиш, томорқалардан самарали фойдаланиш, кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш ва аҳолининг бу борадаги масъулиятини янада оширишга эътибор қаратилади. Зеро, обод маҳалла — инсон қадри улуғланган, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик қарор топган маскандир, — дейди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Сайхунобод туман бўлими бошлиғи Тоҳир Жавлонов.

Тадбирда “Обод хонадон” тажрибасини кенг оммалаштириш маҳаллаларнинг ташқи қиёфасини яхшилаш баробарида аҳоли ўртасида экологик маданият, озодалик ва фуқаролик масъулиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

— Обод хонадон — обод маҳалла, обод маҳалла эса ҳудуд тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир. Бу жараёнда тадбиркорларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади. Маҳаллаларни ободонлаштириш, томорқалардан унумли фойдаланиш ва аҳоли бандлигини таъминлайдиган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали нафақат маҳалланинг қиёфаси, балки одамларнинг турмуш маданияти ва ташаббускорлиги ҳам юксалади. “Обод хонадон” тажрибасини кенг жорий этиш ана шу эзгу мақсадларга эришишда муҳим омил бўлади, — дейди Сайхунобод туман Савдо-саноат палатаси бошлиғи, тадбиркор Шоира Шаматова.

Тадбир якунида тумандаги барча маҳаллаларда “Обод хонадон” тажрибасини босқичма-босқич жорий этиш, ҳар бир хонадоннинг ободлиги ва намунавий қиёфасини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, мутасаддиларга аҳолини ободонлаштириш ишларига кенг жалб этиш, “маҳалла еттилиги” фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда илғор тажрибаларни барча маҳаллаларда оммалаштириш бўйича тегишли топшириқлар юклатилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири