Саховат ва мурувват тадбирлари давом этмоқда
Давлатимиз раҳбарининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Оролбўйида ҳам кенг кўламли хайру саховат ва мурувват тадбирлари ўтказилмоқда.
– Қурбон ҳайити байрами муносабати билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия тадбирлари ташкил этилди, – дейди “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали раҳбари Исламбек Тажетдинов. – Тадбирлар доирасида ҳудудлардаги Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 200 та эҳтиёжманд оилага жами 300 килограмм қурбонлик гўшти тарқатилди. Шунингдек, Нукус шаҳридаги мадраса талабалари ва устозларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 бош қўй сўйилиб, қурбонлик гўшти етказиб берилди. Мазкур тадбирлар орқали эҳтиёжманд оилалар, шунингдек, илм олаётган талабалар ва устозларга байрам арафасида моддий ҳамда маънавий кўмак кўрсатилди.

Қарорда оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган болаларда, онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, уларни даволаш ва жарроҳлик амалиётини, беморларда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш белгиланган. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Хўжайли тумани ҳокими раҳбарлигида, туман тиббиёт бирлашмаси, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда турли касалликларга чалинган беморларга бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун махсус ваучерлар топширилди. Бугунги кунга қадар туманда 18 нафар бемор махсус ваучерга эга бўлди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат қадриятларини мустаҳкамлашга қаратилган хайрли ишлари изчил давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.